Путин ва Ким Чен Ин космодромда учрашди (видео)

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин “Восточний” космодромида қисқа суҳбатлашди. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни РИА Новости хабар берди.

“Сизнинг банд бўлишингизга қарамай, бизни таклиф қилганингиз учун ташаккур”, деган Шимолий Корея раҳбари Путинга.

Учрашув маросими Ягона техник мажмуанинг ракета-ташувчиларни ўрнатиш ва синовдан ўтказиш биносига асосий кириш эшигида бўлиб ўтган. Давлат раҳбарлари космодромни кўздан кечириши, сўнгра музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

КХДР раҳбари поездда “Восточний” вокзалига, монтаж-синов биноси ёнидаги йўлга етиб келди.

Ким Чен Ин вагонига қизил гилам тўшалган, унинг икки томонида давлатлар байроғи билан Шарқий ҳарбий округ фахрий қоровуллари саф тортган. Шимолий Корея раҳбарини Россия ва КХДР ҳукуматлараро комиссияси раҳбари, Табиий ресурслар ва атроф-муҳит вазири Александр Козлов ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги Давлат протоколи департаменти директори Игор Богдашев кутиб олган.

Маълумот учун, Ким Чен Ин Путиннинг таклифига биноан Россияга ташриф буюрмоқда. Россия етакчисининг матбуот котиби Дмитрий Песков давлат раҳбарларининг делегациялари ўртасидаги ҳамда яккама-якка бўлиб ўтадиган музокараларда икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, савдо-иқтисодий алоқалар ва маданий алмашинувлар масалалари кўтарилишини маълум қилган. Шунингдек, Кремль вакилининг сўзларига кўра, минтақадаги вазият ва умуман халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Эслатиб ўтамиз, Ким Чен Ин жорий йилнинг 10 сентябрь куни тушдан кейин махсус поездда Пхеньянни тарк этганди. Кеча, 12 сентябрь куни Ким Чен Ин Россияга етиб келди ҳамда Россия Табиат вазири Александр Козлов ва Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко билан музокара ўтказди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ким Чен Ин Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг