Ким Чен Ин зирҳли поездда Россияга келди (видео)
Олам
−
13 Сентябрь 2023
12313Кеча, 12 сентябрь куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга етиб келди. Уни Россия Табиат вазири Александр Козлов кутиб олди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Туманная дарёси устидаги кўприк. Шимолий Корея раҳбари билан учрашдим. Ким Чен Ин Россияга расмий ташриф билан келди”, деб ёзган у.
Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяконинг аниқлик киритишича, Ким Чен Иннинг поезди бир кун аввал Хасан вокзалига етиб келган. Унинг сўзларига кўра, у Козлов билан биргаликда Шимолий Корея раҳбари билан музокара ўтказган.
“Қўшниларимиз билан кўп йиллик дўстона муносабатлар ўрнатиб, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш истиқболлари мавжуд. Бундай даражадаги ташриф КХДРдаги ҳамкасблар билан кенг ва тўғридан-тўғри алоқаларни янада фаол ривожлантириш учун яхши сигналдир”, дейди Олег Кожемяко.
Бугун, 13 сентябрь куни эса Ким Чен Иннинг поезди “Восточный” космодромининг темир йўл вокзалига етиб келди.
Россия Президенти Владимир Путин ҳам космодромда бўлиб, бу ерда олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.
Қайд этиш жоизки, КХДР раҳбарининг поезди 20 вагондан иборат бўлиб, у портлашдан ҳимоя қилиш мақсадида пўлат билан қопланган, поезднинг бошида ва охирида қўриқчилар мавжуд. Шимолий Корея етакчисига мамлакат партияси, ҳукумати ва қуролли кучлари вакиллари ҳамроҳлик қилмоқда.
Маълумот учун, мазкур ташриф Ким Чен Иннинг Россияга иккинчи марта келишидир. Бундан олдин у 2019 йилда Ким Чен Ин Владивостокдаги форумда қатнашганида Россияга борган. Жорий йилнинг июль ойи охирида эса Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Шимолий Корея раҳбари билан учрашган. Вазир КХДРга 1950–1953 йиллардаги урушда Шимолий Корея ғалабасининг 70 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун борган.
Эслатиб ўтамиз, Ким Чен Ин жорий йилнинг 10 сентябрь куни тушдан кейин махсус поездда Пхеньянни тарк этганди. Кўплаб нашрлар Ким Чен Ин ва Путин ўртасидаги музокаралар мавзуларидан бири ҳарбий ҳамкорлик бўлиши мумкинлигини ёзмоқда.
LiveБарчаси