Канада Россия маҳсулотларидан воз кечяпти
Олам
−
28 Март 2022
8742Канададаги супермаркетлар тармоғи Украинадаги “ҳарбий амалиёт” туфайли Россия Федерациясига қарши жорий этилган санкциялар фонида Россияда ишлаб чиқарилган товарларни пештахталардан олиб ташламоқда. Бу ҳақда Канаданинг “Globe and Mail” газетаси хабар берган.
Чоралар квас, кунгабоқар уруғлари ва зефир каби “Россияда ишлаб чиқарилган” маҳсулотларга тегишли. Чакана сотувчилар Канаданинг кўплаб ҳудудларида Россия Федерациясидан ароқ савдоси тўхтатилганидан кўп ўтмай, Россия маҳсулотларини олиб ташлашга қарор қилган.
Sobeys, Safeway ва FreshCo озиқ-овқат тармоқларига эгалик қилувчи Empire Company Ltd. март ойи бошида Россия маҳсулотларини олиб ташлашни бошлаган.
Яна бир тармоқ Metro Inc. ҳам шу ой бошида Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишни тўхтатган.
“Гап 10 га яқин маҳсулот ҳақида кетмоқда. Бу ва шунга ўхшаш имо-ишоралар рамзий маънога эга ва Россия иқтисодиётига катта таьсир кўрсатмайди”, деб ёзади газета.
Шунингдек, Канаданинг Loblaw Companies сотувчиси рус товарлари қайта буюртма қилинмаслигини айтмоқда.
“Улар жавонларда йўқ”, дейди дўконлар тармоғи Матбуот котиби Кэтрин Томас.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь