Тошкентда қувур ёрилишидан 3 киши жароҳат олди
Жамият
−
10 Июль 7877 1 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги ерости сув қувури портлагани хабар қилинган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, бугун, 10 июль куни Фаробий кўчасидан ўтган D-800 миллиметрли иссиқлик таъминоти қувурида босим остида сув қувурининг ёрилиши ҳодисаси содир бўлган. Аниқланишича, ушбу ҳолат режавий тадбир асосида ўтказилган коммунал тармоқдаги иссиқ сув тармоғини босим остида текшириш жараёнида юзага келган.
Ҳозирда иссиқлик сув қувуридаги ушбу ҳодиса коммунал-техник авария-тиклаш бригадаси куч ва воситалари билан бартараф этилиб, носозлик оқибатларини тугатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ, ССБ ва коммунал соҳа ташкилотлари масъуллари ҳамда куч ва воситалари жалб қилинган.
Билдирилишича, ҳодиса оқибатида 3 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олган ва уларга воқеа жойида тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Уларни шифохонга олиб боришга эҳтиёж бўлмаганлиги сабабли, ўз уйларига рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида Nexia-2 русумидаги енгил автомашина метан ёқилғиси билан тўлдирилаётган вақтда портлаб кетганди. Оқибатда 1 киши ҳалок бўлган.
Live
Барчаси