Қозоғистондаги ёнғинда ҳалок бўлганларнинг оилаларига қанчадан берилиши айтилди
Олам
−
13 Июнь 2023
7883Қозоғистоннинг Абай вилоятидаги ёнғинда ҳалок бўлганларнинг оилаларига “Қозоғистон халқи” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 7 миллион тенге (15,6 минг доллар), шунингдек, ҳар бир вояга етмаган бола учун 2 миллион тенге (4,4 минг доллар) тўланади. Бу ҳақда мамлакат ҳукуматининг хабарида келтирилган.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатиш учун алоҳида жамғарма ҳам ташкил этилади.
Қозоғистоннинг 40 дан ортиқ университетлари ёнғиндан жабр кўрган оилалар талабаларига ётоқхоналаридан жой беришга тайёр эканини билдирган. Шу билан бирга тўлов асосида таҳсил олаётган талабаларни грантга ўтказиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь куни Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош Абай вилоятидаги ўрмонда йирик ёнғин юз берди. Ушбу ёнғин оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича жиноий иш очилди.
Мазкур фожиадан сўнг мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев республикада 12 июнни миллий мотам куни деб эълон қилди.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаевга ҳамдардлик билдириб, табиий офатга қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этишда мамлакат барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини таъкидлаган.