Қозоғистонда талончилар режиссёр ва мусиқачи Сакен Битаевни ўлдирди
Олам
−
08 Январь 2022
20644Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида режиссёр ва мусиқачи Сакен Битаев ўлдирилди. Бу ҳақда унинг дўсти, журналист Дониёр Адилбеков ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилган.
Таъкидланишича, талончилар Сакен Битаевни отиб ўлдирган, у тез ёрдам келмасидан вафот этган. Адилбековнинг сўзларига кўра, талончилар Битаевдан машина тортиб олмоқчи бўлган.
“Оломон орқадан келиб, эшикларни очишни бошлади. Талончилар машинани тарк этгандан кейин отишма бошлади. Битта ўқ Сакеннинг ўпкасини тешди”, деб ёзади журналист.
Шунингдек, у Битаевнинг ота-онаси ўғлининг жасадини олиб кета олмаслигини, чунки шаҳарда ўлимни ҳужжатлаштириш учун полиция ходимлари етарли эмаслигини айтган. Қайд этилишича, жиноятчилар топилмаган.
Маълумот ўрнида, Сакен Битаев Salamalec Sound мусиқий лойиҳасига асос солган ва хип-хоп жанридаги композицияларни ижро этган. У мусиқа соҳасидаги фаолиятидан ташқари режиссёрлик билан ҳам шуғулланган.
Бугун, 8 январь куни эрталаб ҳолатига Олма-отада отишма ва аксилтеррор операцияси давом этмоқда. Шаҳар аҳолиси шубҳали одамлар гуруҳларини аниқлашда полицияга ёрдам бермоқда. Жангарилар кичик майдонлар ва боғларда яширинган. Қалин туман ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ишини қийинлаштирмоқда. Таъкидланишича, Олма-ота вилоятида қўлга олинганлар орасида қўшни давлат фуқаролари ҳам бор.
Қозоғистонда умумий ҳисобда 4 мингга яқин террорчи қўлга олинган. Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари давлат ҳокимияти органларининг барча биноларини назоратга олган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси