Қозоғистонда отишма содир этган ўзбекистонлик 15 йилга қамалди
3-саҳифа
−
07 Июнь 2023
5199Шу йилнинг 20 февраль куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўзбекистонлик 49 ёшли эркак банкни ўмариш мақсадида отишма содир этгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу жиноят юзасидан суд жараёни ўтказилиб, айбланувчига 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу ҳақда маҳаллий “Zakon.kz” нашри маълум қилди.
Хабарлага кўра, эркакка нисбатан ноқонуний қурол ишлаб чиқариш ва олиб юриш, қотилликка уриниш айблари қўйилган. Суд-тиббий экспертиза натижалари маҳкумда руҳий хасталикларни аниқламаган. У номаълум шахсдан 200 минг тенгега қурол сотиб олган ва бу учун пулларни танишидан қарзга олган.
У жиноят содир этишига молиявий қийинчиликлар сабаб бўлгани, аввалига қурол дўконини ҳам тунашни режалаштирганини тан олган. Судда маълум бўлишича, у муқаддам Россияда ҳам судланган ва одам ўлдиргани учун 10 йилни колонияда ўтказган. Бир йил аввал қамоқдан чиққач, олти ой ўтиб Чимкентга мавсумий иш учун борган. Ўзбекистонлик эркак Чимкентда ижара уйда яшаган ва сотиб олган қуролини шу ерда сақлаган.
"Россияда у билан жанжаллашиб қолган одам касалхонада вафот этган. Кейин 2022 йил апрель ойида у Чимкентга келган. У қуролни худди шу ижарага олинган квартирада сақлаган", дейди Қозоғистонлик судья.
Таъкидланишича, айбланувчи оилали ва икки нафар фарзанди бор. Бироқ қариндошларидан ҳеч ким унинг судида қатнашмаган.
Маҳкумни Ўзбекистонга депортация қилиш мумкин эмаслиги ҳамда у жазони ўрта хавфсизликдаги жиноят-ижроия тизими муассасасида ўташи маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ўзбекистонлик эркак полициядан қочиб, ЙТҲга учраганди. Шунингдек, 20 йилдан бери қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Қозоғистонда қўлга олинганди.
LiveБарчаси