Қозоғистон Президенти шошилинч топшириқлар берди

Олам

image

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматга бир қатор шошилинч топшириқлар берди. Хусусан, давлат раҳбари сўнгги воқеалар сабабларини аниқлаш, жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва бошқа ваколатли тузилмалар вакилларидан иборат махсус тергов гуруҳи тузишни буюрди.  

Шунингдек, Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жанговар шайлик ва техника воситаларини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди. 

Президент топшириғига кўра, вилоят ҳокимликлари ҳалок бўлган ички ишлар ходимлари ва Қуролли Кучлар ходимларининг оила аъзоларига муносиб моддий ёрдам кўрсатиши, ҳокимлар эса коммунал хизматлар, жамоат транспорти ва ижтимоий инфратузилма объектларининг фаолиятини барқарорлаштириши зарур. 

Тўқаев Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигига Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жиноий гуруҳлар ҳаракатлари натижасида жабрланганлар ва бедарак йўқолганлар тўғрисидаги маълумотларни фуқароларга етказиш бўйича тўғридан-тўғри линия ташкил этишни топширди. 

Шунингдек, давлат раҳбари оммавий тартибсизликлар натижасида етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича комиссиялар тузишни буюрди. Вазият барқарорлашгандан сўнг, Олмаота ва бошқа вилоятлардаги маъмурий бинолар, ижтимоий объектлар, турар-жой биноларини тиклаш ишлари бошланади. 

Президент шунингдек, Олмаота ва бошқа вилоятларда жиноий ҳаракатлардан жабр кўрган кичик ва ўрта бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўришни ҳам назардан четда қолдирмади. 

Миллий банк ва АРФР (Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги) зиммасига вазият барқарорлашганидан кейин иккинчи даражали банклар ва бошқа молия ташкилотларининг барқарор ва узлуксиз фаолиятини тиклашни таъминлаш вазифаси юклатилган. 

Президент дипломатик ваколатхоналарни, шунингдек, хорижий инвестициялар субъектларини ва хорижий компанияларнинг тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берган. 

Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлигига икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг барча долзарб масалалари бўйича хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва бошқа шериклар билан доимий алоқалар ўрнатилишини таъминлашни юклаган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

701

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг