Қодиров вояга етмаган ўғилларини урушга юбормоқчи
Олам
−
03 Октябрь 2022 14303 3 дақиқа
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров вояга етмаган 14, 15 ва 16 ёшдаги уч нафар фарзандини Украинадаги уруш майдонларига юборади. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Республика раҳбари ўғилларининг ҳарбий тайёргарлиги анча олдин бошланганини таъкидлаган. Уларга назария, турли хил қуроллар билан ишлаш ва улардан фойдаланиш ўргатиляпти. Улар олинган кўникмаларни “махсус операция” зонасида қўллашга тайёр, дейди Қодиров.
“Ҳақиқий курашда ўзини кўрсатиш вақти келди ва бу уларнинг хоҳиши, мен фақат мамнунман. Тез орада улар фронт чизиғига борадилар ва тўқнашув чизиғининг энг қийин участкаларида бўлишади”, дея қўшимча қилган Чеченистон раҳбари.
У Европадан ҳарбийларни танқид қилаётган “чечен тилида сўзлашувчи диван жангчилари”га мурожаат қилган. Қодировнинг сўзларига кўра, уларда на номус, на руҳ бор, шунинг учун ҳатто вояга етмаган болалар ҳам уларни енгишлари мумкин.
Қодировга кўра, чечен бўлинмалари уруш зонасида “аъло натижалар” кўрсатмоқда. Улар қўмондонлик томонидан қўйилган вазифаларни аниқ бажармоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
Live
Барчаси