Италия ҳам россиялик дипломатларни “ҳайдайди”
Олам
−
05 Апрель 2022
4204Италия ҳукумати ўнлаб россиялик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юбориш ниятида. “Corriere della Sera” нашрига кўра, рўйхат бугун, 5 апрель куни эълон қилинади.
Қайд этилишича, бу қадам Италия расмийларининг Франция ва Германия ҳукуматлари билан ўз позициясини мувофиқлаштириш натижасидир.
“Кеча, 4 апрель куни Италия Бош вазири Марио Драги қарорни хавфсизлик масалалари учун масъул Давлат котиби Франко Габриэлли билан муҳокама қилди”, деб ёзилган хабарда.
Бугун эса Драги парламентнинг хавфсизлик бўйича махсус қўмитасида нутқ сўзлайди.
Маълумот ўрнида, кеча, 4 апрель куни Россиянинг Берлиндаги элчиси Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, Россия дипломатик миссиясининг 40 нафар ходими мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақида огоҳлантирилган. Шунингдек, Париж россиялик 35 дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилган.
Жорий йилнинг 29 март куни Европанинг бир қатор давлатлари, жумладан Бельгия, Нидерландия ва Ирландия Россиянинг Украинага ҳужуми фонида россиялик дипломатларни чиқариб юборишини маълум қилган. Маълумотларга кўра, 21 нафар россиялик дипломат Бельгияни, 17 нафари Нидерландияни, тўрт нафари Ирландияни тарк этиши керак.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси