Исроил дунё бўйлаб элчихоналар ва консулликларини ёпди – ОАВ
Олам
−
13 Июнь 7925 2 дақиқа
Исроил Эронга уюштирилган ҳарбий зарбалардан сўнг дунё бўйлаб элчихоналар ва консулликларини ёпди. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Эронга қарши амалга оширилган ҳарбий ҳужумлар муносабати билан дунё бўйлаб ўз фуқаролари ва дипломатик миссиялари учун махсус кўрсатмалар берди.
Расмий баёнотда қайд этилишича, бу пайтдан бошлаб Исроилнинг бутун дунёдаги дипломатик ваколатхоналари ўз фаолиятини тўхтатади.
“Исроилнинг халқаро миқёсдаги элчихоналари ёпилади ва консуллик хизматлари кўрсатилмайди”, дейилади вазирлик маълумотномасида.
Шунингдек, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги барча исроилликларга махсус шаклни тўлдириб, ўз жойлашуви ва вазияти ҳақида янгиланган маълумотларни тақдим этишни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” профилактик зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.
Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.
Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.
Шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан хавотир билдириб, томонларни босиқликка чақирди.
Live
Барчаси