Исроил ҳужумида 6 нафар эронлик олим ҳалок бўлди

Олам

image

Исроилнинг Эрон ҳудудига уюштирган йирик ҳаво ҳужуми оқибатида олти нафар ядровий олим ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚҚ) яқин бўлган “Tasnim” ахборот агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, зарбалар бир неча шаҳарлар, жумладан, Теҳрон, Табриз, Исфахон (жумладан, Натанздаги ядро иншооти), шунингдек, Лористон ва Кирмоншоҳ вилоятларига қаратилган.

Ўлдирилган олимлар рўйхатида Абдулҳамид Менучеҳр, Аҳмад Ризо Зулфиқорий, Амир Ҳусайн Фағий, Мотлабизода, Муҳаммад Меҳди Теҳрончи ва Феридун Аббосий бор.

Қайд этилишича, Феридун Аббосий Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари бўлган. 2010 йилда у суиқасддан омон қолган, бунинг учун Теҳрон Исроилни айблаган. Муҳаммад Меҳди Теҳрончи эса Ислом Азад университети ректори лавозимида ишлаган.

Зарбаларда, шунингдек, юқори мартабали ҳарбий амалдорлар, жумладан Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Муҳаммад Бағирий ва ИИҚҚ Бош қўмондони Ҳусайн Саламий ҳам ҳалок бўлган.

Маҳаллий манбаларга кўра, зарбалар Теҳроннинг тураржой ҳудудларига ҳам берилган, тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эроннинг бир қатор ядро объектлари ва юқори қўмондонлик биноларига ҳужум қилганини хабар қилган эди. Бунинг ортидан энди Исроилга ракета отилиши мумкинлиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатдаги ўзбекистонликларга тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилмоқда. Эрон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларидан ҳам хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш сўралмоқда. Шунингдек, Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир нечта рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг