АҚШ Эрон урушига 47,1 млрд доллар сарфлади
World
−
12:18 201 2 minutes
АҚШнинг Эрон билан урушига кетган харажатлар 2026 йил 16 октябрь ҳолатига кўра, камида 47,1 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Пентагон Конгрессга маълум қилди.
Мазкур маблағнинг асосий қисми – 29 миллиард доллар уруш давомида сарфланган бомба, ўқ-дори ва бошқа ҳарбий захираларни қайта тўлдиришга йўналтирилган. Шунингдек, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи ва бомбардимончи самолётлари амалиётларига 7,6 миллиард доллар, Ҳарбий-денгиз кучлари кемалари ва авианосецларига 1,5 миллиард доллар сарфланган.
Яқин Шарқдаги қуруқлик қўшинларини сақлаш харажатлари 2,1 миллиард долларни ташкил этган. Зарар кўрган самолётлар ва қуролларни алмаштириш учун 6,1 миллиард доллар, махсус кучларни ташиш ва логистика ишларига 645 миллион доллар ажратилган. Тиббий ёрдам харажатлари эса 24,5 миллион долларга етган.
Шу билан бирга, ушбу ҳисоб-китобга Яқин Шарқда зарар кўрган АҚШ ҳарбий базаларини таъмирлаш, шунингдек, кемалар ва самолётлар учун ёқилғи харажатлари киритилмаган.
Расмий маълумотларга кўра, урушда 18 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, 865 нафари жароҳатланган. Бироқ “Вашингтон пост” манбалари ҳалок бўлган ҳарбийлар сони камида 22 нафар эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет уруш харажатларини 37,5 миллиард доллар деб баҳолаган эди. Конгресснинг Бюджет бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар давом этган тақдирда, АҚШ ҳар ой қўшимча 2–3 миллиард доллар сарфлаши мумкин.
Урушнинг иқтисодий оқибатлари ҳам сезилмоқда. Эрон томонидан Ҳормуз бўғозининг ёпилиши жаҳон нефть ва газ таъминоти занжирига таъсир кўрсатди. Бу эса АҚШда ёқилғи нархининг ошишига сабаб бўлди.
28 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатда дизель ёнилғисининг ўртача нархи бир галлон учун 6,35 долларни ташкил этган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 3,75 доллар эди. Ёқилғи қимматлашиши қишлоқ хўжалиги, транспорт ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархига ҳам босим ўтказмоқда.
АҚШда 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Конгресс сайловлари олдидан уруш харажатлари ва яшаш қийматининг ошиши асосий сиёсий мавзулардан бирига айланган. Демократик партиянинг беш нафар сенатори Пентагондан урушга сарфланган ҳақиқий харажатларни ошкор қилишни талаб қилган. Сенатдаги демократик озчилик етакчиси Чак Шумер ҳам Трамп маъмуриятини урушнинг иқтисодий оқибатлари учун танқид қилган.
“RealKlearPolling”нинг 29 октябрь ҳолатига кўра ўтказган сўровлари ўртача натижасида Демократик партия 51,4 фоиз, Республикачилар партияси эса 43,2 фоиз қўллаб-қувватловга эга бўлган.
Live
All27 October