Илҳом Алиев Қорабоғда ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш учун ягона шартини айтди

Олам

image

Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёр, агарда Арманистон ҳам шундай қилса. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Figaro” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

“Биз ҳарбий ҳаракатларни бугуноқ тўхтатишга тайёрмиз. Мен бу ҳақда 10 октябрь куни Москвадаги музокаралар вақтида айтиб ўтдим. Фақатгина Арманистон ўт очишни тўхтатиши керак. Кейин эса дипломатлар ҳаракатга ўтиши керак”, деган Алиев.

У Арманистон ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраислари – Россия, Франция, АҚШ томонидан белгиланган можарони ҳал қилиш тамойилларини тан олиши кераклигини таъкидлади. Президент Озарбайжон аллақачон у тамойилларни қабул қилганини қайд этди.

“Шундан сўнг, биз музокаралар столига қайтамиз”, деган Илҳом Алиев.

Озарбайжон етакчиси Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бу лавозимга келгач, ўзининг иғволи баёнотлари ва ҳарбий провокацияси билан тинчлик жараёнини барбод қилганини қўшимча қилди.

“Ўйлашимча сиёсий барқарорликка эришиш вақти келди”, деди Алиев Қорабоғнинг кво статуси ва эски қарама-қаршилик чизиғи йўқ қилинганини ва янги реаллик юзага келганини таъкидлаб.

Маълумот учун, Илҳом Алиев аввалроқ Қорабоғда тинчлик ўрнатиш учун Арманистон босиб олган ҳудудларини ташлаб кетиши кераклигини талаб қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон Россия воситачилигида сулҳга эришди. Аммо бу сулҳнинг умри бир неча соат давом этди. Кейинроқ, томонлар яна ўт очишни тўхтатишга қарор қилди. Бу сафар ҳам бу режим узоққа бормади.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг