Германия 100 га яқин россиялик дипломатни ҳайдамоқчи
Олам
−
04 Апрель 2022
5344Германия ҳукумати шу ҳафтада Россия махсус хизматларида ишлаши мумкин бўлган Россия дипломатик ваколатхоналари ходимларининг катта қисмини мамлакатдан чиқариб юбориши мумкин. Бу ҳақда “Bild” газетаси маълум қилди.
Нашр манбаларига кўра, канцлер Олаф Шольц ҳозирча бу масалани ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Ҳафта охиригача 100 нафарга яқин дипломат мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Якуний қарор федерал канцлер, Ташқи ва Ички ишлар вазирликларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниши керак, бироқ бунинг ҳозирча имкони йўқ.
“Германия ҳукуматида бундай ҳаракатнинг мақсадга мувофиқлиги борасида келишмовчиликлар мавжуд”, деб ёзади нашр.
Аввалроқ, мазкур газета Германияда Россия разведкасида ишлаётгани айтилаётган 2000 дан ортиқ одам борлигини даъво қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда 21 нафар россиялик дипломат Бельгияни, 17 нафари Нидерландияни, тўрт нафари Ирландияни тарк этиши керак. Март ўрталарида Польша, Болгария, Латвия, Литва ва Эстония россиялик дипломатларни чиқариб юборганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси