Феруза, биз сиз биланмиз! – Сенат раиси журналист билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди
Жамият
−
08 Август 2021
21065QALAMPIR.UZ интернет нашри Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова дуч келган вазият нафақат журналистнинг касбий ҳуқуқлари, балки асосий инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг шафқатсиз ҳолатларидан биридир. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоеванинг баёнотида айтилган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолатнинг адолатли ўрганилиши Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинган.
“Биз интернет тармоғидаги уюшган тазйиқ ҳолатларининг давом этишига йўл қўймаймиз. Бу, биринчи навбатда, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситаларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш масаласидир.
Феруза, биз сиз биланмиз! Биз сиз тарафдамиз!”, дейилади Сенати Раиси баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади.
Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. ИИВ, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Сенат, АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси, мазкур ишни ўз назоратига олди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов, фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда журналист Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган #мен_Ферузаман флешмоби бошланди.
LiveБарчаси