Бирор воқеа юз беришини кутиб ўтирмаслигимиз керак – Танзила Норбоева болалар ҳимояси ҳақида
Жамият
−
15:46 190 3 дақиқа
Танзила Норбоева давлат органлари болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига фақат шов-шувли воқеалардан кейин муносабат билдирмасдан, уларнинг олдини олиш ва қонунлар амалда қандай ишлаётганини доимий таҳлил қилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 2 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида сўз очди.
Ушбу мажлисда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Мажлисда Норбоеванинг айтишича, адлия органларининг асосий вазифаларидан бири қонунларнинг амалда қўлланилишини ўрганиш ва мавжуд муаммолар бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
“Ҳар доим қандайдир воқеа бўлишини кутиб ўтириб, муносабат билдиришимиз керак эмас. Ўзи адлиянинг вазифаси – қонунчиликнинг амалда қўлланилишини доимий равишда таҳлил қилиб боришдир”, дейди у.
Шунингдек, Адлия вазирлиги болалар ва уларнинг қонуний вакилларига юридик ёрдам олиш имкониятини таъминлаши, ҳимоя сўраб мурожаат қилиш тартибини тушунтириши ҳамда зарур ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиши лозимлиги айтилди.
Норбоева мактаб, маҳалла ва болалар муассасалари ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳам муҳим вазифа эканини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, болалар билан яқин ишлайдиган ўқитувчилар, мураббийлар, маҳалла фаоллари ва бошқа ходимлар зўравонлик аломатларини аниқлаш, бу ҳақда хабар бериш тартиби ҳамда ҳолатни яширганлик учун жавобгарликни билиши керак.
“Қолган жамоатчиликни жалб қилган ҳолда зўравонлик аломатларини аниқлаш, бу ҳақда хабар бериш мажбурияти, ҳаракат қилиш тартиби, ҳолатларни яшириш учун жавобгарликни амалий мисоллар асосида тушунтириб боришингиз керак”, дейди Сенат раиси.
У Адлия вазирлиги масъул идоралар билан биргаликда болаларни ҳимоя қилиш механизмларини ҳам мунтазам таҳлил қилиши зарурлигини таъкидлаган. Хусусан, зўравонлик ҳақидаги хабарни ким қабул қилиши, у қаерга ва қайси муддатда етказилиши, боланинг кейинги ҳимояси учун ким масъул экани аниқ белгиланиши керак.
“Асосий талаб – болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси амалда ишлаши керак”, дейди Норбоева.
Сенат раиси адлия органлари фаолияти ўтказилган тадбирлар сонига қараб эмас, балки бартараф этилган ҳуқуқий тўсиқлар ва болаларга кўрсатилаётган амалий ёрдам натижаларига қараб баҳоланиши лозимлигини айтган.
Шунингдек, у аниқланган ҳуқуқий тўсиқлар, уларни бартараф этиш чоралари, кўрсатилган юридик ёрдам ва тикланган ҳуқуқлар бўйича юқори ташкилотларга мунтазам ахборот бериб бориш зарурлигини таъкидлаган.
Норбоева бугун қабул қилинаётган қонун ва чоралар бундай механизмларни аввалроқ жорий этиш зарур бўлганини кўрсатаётганини ҳам айтган.
“Бу қонун ва ёрдамлар мана шу даҳшатли воқеадан кейин қабул қилинаётганлиги ҳам, бундоқ қараганда, буни олдинроқ қилишимиз кераклигини кўрсатади. Мана шундай воқеалар бўлмас эди балки”, дейди у.
Сенат раиси қонун Президент томонидан имзоланганидан кейин Адлия вазирлиги алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, уни тизимнинг қуйи бўғинларигача етказиши кераклигини билдирган. Маҳаллий Кенгашлар эса ушбу вазифаларни жойларда адлия органлари билан биргаликда таъминлаши зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини назарда тутувчи қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун Президентга юборилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси