Эртага Истанбулда Украина, Туркия ва Россия дон экспортини муҳокама қилади

Олам

image

Россия, Украина ва Туркия ҳарбий делегациялари эртага, 13 июль куни Истанбулда БМТ вакиллари билан учрашиб, Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши сабабли блокланган украин ғалласини хавфсиз экспортга чиқариш масаласини муҳокама қилади. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар маълум қилди, деб ёзмоқда “Анадолу”.

Ўз навбатида, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Украина, Россия, Туркия ва БМТнинг Истанбулда бўлиб ўтадиган тўрт томонлама йиғилишида украиналик экспертлар мамлакат портларидан донни хавфсиз экспорт қилиш масалаларини ҳимоя қилишини билдирди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенконинг изоҳларида айтилади.

“Украина ўз ғалласини блокдан чиқариш масаласи БМТ шафелигида ҳал қилинишини ёқлайди”, деган Николенко.

ТИВ вакилининг сўзларига кўра, Истанбулда ғалла экспорти бўйича денгиз йўлакларининг ишлаш усуллари муҳокама қилинади. Украина томони бу муҳокамада хавфсизлик масаласига жиддий эътибор қаратади.

Шунингдек, у эртанги йиғилиш айнан Украина, Россия, Туркия ва БМТнинг тўрт томонлама учрашуви эканлигига аниқлик киритган.

Аввалроқ “Украина денгиз портлари маъмурияти” давлат корхонаси матбуот хизмати Змеиний оролининг босқинчилардан озод қилиниши муносабати билан Дунайнинг Қора денгизга қуйилиш жойи кемалар ҳаракати учун очилганини маълум қилганди.

Шу билан бирга, БМТ Украина донининг Қора денгиз-Дунай канали орқали экспорт қилиниши глобал очарчилик таҳдидини енгиш учун етарли эмаслигини таъкидламоқда.

Маълумот учун, 8 июнь куни Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “дон йўлаги” деб аталмиш йўлак яратиш масаласини муҳокама қилди. Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Киев ўз портларини миналардан тозаласа, Москва Украина донини олиб кетаётган кемаларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлашини ҳамда Бердянск ва Мариуполь каби Россия назоратидаги портлар орқали товарлар экспортини таъминлай олишини айтган эди.

21 июнь куни Москвада Туркия ва Россия ҳарбий делегациялари ўртасида Украина донини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлак яратиш масаласи бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги уларни ижобий ва конструктив деб атаб, маслаҳатлашувларни давом эттиришга қарор қилинганини қайд этди.

Туркия Президенти Тойиб Эрдўған НАТОнинг Мадриддаги саммитидан сўнг, Анқара Қора денгиз орқали олиб ўтиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта экспорт қилишга тайёрлигини маълум қилди. Унга кўра, Украина портларида Туркиянинг 20 га яқин савдо кемалари бор, улар юкни ташишга тайёр.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг