Эрдўған Исроилнинг ҳаракатларини “террор” деб баҳолади

Олам

image

Бугун, 10 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан телефон орқали музокара ўтказди. Бу ҳақда “Анадолу” ёзмоқда.

Туркия Президенти маъмуриятининг алоқалар бўлими маълумотларига кўра, Исроил полициясининг босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва фаластинликларга қарши зўравонликлари ҳақида фикр алмашилган.

Туркия Президенти Исроилнинг Қуддусдаги хатти-ҳаракатлари нафақат мусулмонларнинг, балки бутун инсониятнинг қалбини оғритаётганини таъкидлаган.

Эрдўған фаластинликларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаётганини кескин қоралаб, Исроилнинг Қуддусдаги ҳаракатларини “террор”, деб атаган. 

Туркия Президентининг таъкидлашича, Анқара бутун дунё ҳамжамияти, шу жумладан исломий давлатларнинг Фаластинда Исроил томонидан уюштирилган террор ва босқинчилик сиёсатини тўхтатиши учун барча чораларни кўради.

“Туркия Фаластиннинг ҳақ ишини қўллаб-қувватлашда, Фаластин халқининг ёнида туришда ва Қуддуснинг муқаддаслигини ҳимоя қилишда давом этади”, дейди Туркия раҳбари.

Аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху фаластинликларга қаратилган мамлакат полициясининг зўравонликларини барча инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун кураш, деб баҳолаган ва уларни қўллаб-қувватлашини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан одамлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлган. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.

Ушбу воқеа юзасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исломий мамлакатлар ва бутун дунё жамоатчилигини оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни ўз уйларидан зўрлик билан чиқариб юбораётган Исроилнинг агрессив ҳаракатларига нисбатан самарали қаршилик кўрсатишга чақирди.

Шундан сўнг, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади

Бунгача БМТ Исроилни ҳар қандай ҳужумларни бекор қилиш ва намойишчиларга қарши куч ишлатмасликка чақирган бўлса, АҚШ вазиятнинг кескинлашганидан қаттиқ хавотирда эканини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрдўған Фаластин Анқара Исроил

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг