Дунё нотўғри талқин қилмоқда – Нетаньяху Исроил полициясининг зўравонликларини ёқлади

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат хавфсизлик кучлари томонидан Қуддуснинг Эски шаҳар қисмида бўлиб ўтган кенг миқёсли тартибсизликларга қаратилган ҳаракатларни қўллаб-қувватлади ва бу вазият дунё оммавий ахборот воситалари томонидан “нотўғри” талқин қилинганини айтиб чиқди. Бу ҳақда “РИА Новости” ёзмоқда

Шарқий Қуддусда фаластинликларга қаратилган зўравонликлар бир неча кундан бери давом этмоқда. Қизил ярим ой жамиятига кўра, биргина 9 май куни Исроил полициясининг хатти-ҳаракатлари оқибатида 80 нафар фаластинлик жароҳатланган. Сўнгги кунларда уларнинг сони жами 300 дан ошган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху фаластинликларга қаратилган мамлакат полициясининг зўравонликларини барча инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун кураш, деб баҳолаган ва уларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

“Биз ҳар бир кишининг ҳуқуқлари таъминланиши учун курашамиз ва бу баъзида ҳозирда Исроил полицияси зобитлари ва бизнинг хавфсизлик кучларимиз ҳаракатлари каби қатъий позиция талаб қилади. Биз уларни бу адолатли курашда қўллаб-қувватлаймиз. Албатта, бу нарсаларни дунё ОАВ нотўғри талқин қилмоқда ва чалғитмоқда. Охир-оқибат ҳақиқат ғалаба қозонади, лекин биз буни доимо такрорлашимиз керак”, дейилади Бош вазирнинг идораси тарқатган баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан одамлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлган. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.

Ушбу воқеа юзасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исломий мамлакатлар ва бутун дунё жамоатчилигини оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни ўз уйларидан зўрлик билан чиқариб юбораётган Исроилнинг агрессив ҳаракатларига нисбатан самарали қаршилик кўрсатишга чақирди.

Шундан сўнг, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади

Бунгача БМТ Исроилни ҳар қандай ҳужумларни бекор қилиш ва намойишчиларга қарши куч ишлатмасликка чақирган бўлса, АҚШ вазиятнинг кескинлашганидан қаттиқ хавотирда эканини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

326

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг