Эрдўған Ғарбнинг Украина бўйича позициясига “тош отди”

Олам

image
0:00
0:00
download

Ғарб давлатлари Россиянинг Украинадаги уруши бўйича нотўғри позицияни эгаллаган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 7 сентябрь куни Белградда Сербия Президенти Александр Вучич билан қўшма матбуот анжуманида шундай фикр билдирди.

“Туркия Украина ва Россияга нисбатан мувозанатли сиёсат юритяпти ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Анқара тезроқ Украинада ўт очишни тўхтатиш тарафдори. Бироқ ҳозирги жараёнлар уруш яқин орада тугамаслигидан далолат беради”, дейди Туркия раҳбари.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Россияни жиддий қабул қилмайдиганлар – адашади. Россия бундай тоифага кирмайди.

У, шунингдек, Ғарбнинг Украинадаги вазият бўйича позициясидан ҳам норозилигини айтган.

“Мен Ғарбнинг (Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги уруш бўйича) позициясининг нотўғри эканлигини очиқ айтаман. Чунки Ғарбнинг ҳаракатлари томонларни провокация қилишга асосланган. Ҳарбий ёрдам ҳақида эълон қиляпти. Ваҳоланки, Ғарбда қанча эскирган қуроллар ва металлоломлар бўлса, Украинага жўнатиляпти”, дейди Президент.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, ҳарбий ҳаракатларни қўзғатиш сиёсати мавжуд экан, тинчлик ташаббусларининг самарадорлиги минимал бўлади.

“Айтиш мумкинми, ҳозир бир томон ғалаба қозонмоқда? Йўқ! Бу урушда ғолиблар йўқ, аммо мағлублар кўп. Кўп сонли одамлар нобуд бўлмоқда, молиявий томони ҳақида гапириш ўринли эмас”, дейди Туркия раҳбари.

Туркия раҳбари Ғарб давлатларига газ етказиб беришни тўхтатган Москванинг муносабатига эътибор қаратган.

“Россия газ етказиб беришни тўхтатди ва Европада нархлар кескин ошди. Энди (Европа мамлакатларида) ҳамма жойда қиш мавсумини енгиш йўлларини қидирмоқдалар. Нега олдин бу ҳақда ўйламадингиз? Ахир, Россиянинг қўлида муҳим ресурс бор. Бунинг ўрнига газ сақлаш захиралари таҳлил қилинмоқда”, дейди Эрдўған.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг