Эрдўған дунё Истанбулдаги рус-украин музокараларидан нима кутаётганини айтди

Олам

image

Ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик Қора денгиз минтақасидаги барча давлатларнинг манфаатларига мос келади. Бу ҳақда бугун, 29 март куни Истанбулдаги Долмабахче саройида Россия-Украина музокаралари иштирокчиларига мурожаат қилган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған таъкидлади. 

Эрдўғанга кўра, Туркия минтақада кўплаб муаммоларга гувоҳ бўлган давлат сифатида Қора денгиз шимолида фожиали манзара юз бермаслиги учун қўлидан келганини қилган ва қилишда давом этмоқда. Унинг сўзларига кўра, Анқара барча халқаро платформаларда ҳар икки томоннинг (Россия ва Украина) манфаатлари, ҳуқуқлари ва позицияларини ҳисобга олишга интилиб, адолатли позицияга амал қилади. 

“Адолатли тинчлик барча томонларнинг ғалабасидир ва тўқнашувларнинг давом этиши ҳеч бир томонга фойда келтирмайди. Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги музокаралар жараёни аниқ натижаларга эришиш мумкин бўлган даражада. Жаҳон ҳамжамияти Истанбулдаги йиғилиш иштирокчиларидан ижобий қарорлар кутмоқда”, деган Президент. 

Туркия раҳбари расмий Анқара Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик дастурини илгари суриш учун муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлаган. 

Маълумот ўрнида, Истанбулдаги Долмабаҳче саройида бўлиб ўтадиган Россия-Украина музокаралари матбуотга ёпиқ ҳолда икки кун давом этади. Бу Беларусда музокаралар ўтказилган 7 мартдан бери томонларнинг биринчи юзма-юз учрашувидир. Шундан сўнг делегациялар доимий равишда видеоалоқа орқали мулоқот қилиб келган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрдўған Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг