Энергетика вазирлиги электр энергиясидаги узилишларни “аномал иссиқ” билан боғлади
Бу қизиқ
−
27 Июль 2023
6931Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электр тармоқларидаги узилишларга “аномал иссиқ” сабаб бўлаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мамлакатда электр энергияси истеъмоли 2022 йилнинг ёзи ва 2023 йилнинг июль ойидаги рекорд кўрсаткичларни янгилаган. Хусусан, 2023 йил 26 июлда Республика бўйича электр энергияси истеъмоли 250,7 млн кВт/соатни ташкил этган. 2022 йилнинг худди шу кунида жами 236,9 млн кВт/соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, кечаги кўрсаткич аввалги йилдагидан 5,8 фоизга кўпроқ бўлган.
Бундан олдин 2023 йил 12 июль куни Республика бўйича жами истеъмол 247,5 млн кВт/соатни ташкил этиб, рекорд кўрсаткич янгиланган эди.
Шу билан бирга, 26 июль куни электр энергияси истеъмолининг соатлик талаби қарийб 12 300 МВтни ташкил қилган. Бу 2022 йилнинг шу кундаги ҳолатига нисбатан 1 500 МВт (14,1 фоиз) кўп.
Маълумот учун, 2022 йилда максимал электр энергияси истеъмоли 27 июлда қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 239 млн кВт/соатни, кундузги истеъмол қуввати 10 800 МВтни ташкил қилган.
Энергетика тизимидаги электр стансиялари томонидан кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 243,9 млн кВ/соатни ташкил этган. Бу 2022 йилнинг шу кунги ҳолатига нисбатан 21,5 млн кВт/соат (9,6 фоиз) кўп ҳисобланади.
Вазирлик электр энергиясига бўлган талабнинг ортишини “аномал иссиқ” билан боғлаган. Таъкидланишича, иссиқ об-ҳаво электр узатиш тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти 25 фоизгача пасайишига олиб келади. Бу, биринчи навбатда, тармоқларнинг физик хусусиятларига боғлиқ бўлиб, бундай ҳолларда зарур чора сифатида тармоқда мажбурий чеклов киритилмаса, йирик ҳажмдаги аварияларга сабаб бўлиши мумкин.
“Истеъмолчилардан тармоқда кенг кўламли носозликлар юзага келишининг олдини оладиган, анча узоқ вақт тузатишни талаб қиладиган ҳолгача етиб бормаслик учун қисқа муддатга электр энергиясини узиб туришга тўғри келадиган бундай зарурий чоралар бугун ўта муҳим эканлигини тўғри тушунишларини ва қўллаб-қувватлашларини сўраймиз.
Қатъий тежамкорликка амал қилиб, зарурат бўлмаган ҳолларда электр асбобларидан фойдаланмаслик орқали ҳам барчамиз тизимда юкламанинг ортишини, авариялар ва узилишларнинг кўплаб содир бўлишини олдини олишга катта ҳисса қўшамиз”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 26 июль санасида мамлакат бўйича ҳаво ҳарорати 40-43 даража, жанубда эса 45 даражагача иссиқ бўлган. Кеча, 26 июль куни эса ҳаво ҳарорати республика бўйлаб 44 даражагача иссиқни ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 27 июль куни мамлакат пойтахти Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Сергели туманларида электр энергияси вақтинчалик ўчирилди. Кеча, 26 июль куни ҳам шаҳарнинг Учтепа ва Олмазор туманларининг айрим ҳудудлари электр таъминотидан узиб қўйилди. 25 июль куни эса носозлик натижасида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Тошкент шаҳрининг Сергели ҳамда Янгиҳаёт туманлари истеъмолчилари қисман электр таъминотидан узилганди.
LiveБарчаси