Ўзбекистонда сувдан қарздорларга “свет” учун тўлов қилиш чекланади

Ўзбекистон

−

image

Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан ичимлик ва оқова сув хизматларидан қарздорларга электр энергияси учун тўлов қилиш чекланади. Бу ҳақда бугун, 30 октябрь куни “Ўзсувтаъминот” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ислом Абдуллаев матбуот анжуманида маълум қилди.

Абдуллаевнинг айтишича, эндиликда истеъмолчилар ичимлик ва оқова сув хизматларидан қарздор бўлиб қолса ва у ўз вақтида тўланмаса,  ушбу масала нотариал ёки суд тартибида ҳал қилинади.

“Агар бунда ҳам белгиланган мажбурият бажарилмаса, истеъмолчиларга электр энергияси учун тўловларини амалга ошириш имконияти чекланади”, дейди Ислом Абдуллаев.

“Ўзсувтаъминот” АЖга кўра, қарздорлик базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлса, нотариус орқали, минг бараваридан ортиқ бўлса, суд орқали ундириш чораси кўрилади.

Шундан сўнг, ижро ҳужжати расмийлаштирилиб, Мажбурий ижро бюросига юборилади. Агар ижро ҳужжати бўйича ҳам белгиланган мажбурият бажарилмаса, қонунчиликда белгиланган тартибда истеъмолчининг электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш имконияти чекланади. Яъни, истеъмолчи ичимлик суви ва оқова сув хизматлари бўйича қарздорлигини бартараф этиши зарур бўлади.

Бунда истеъмолчида қарздорлик юзага келган заҳоти электр энергияси учун тўлов қабул қилиниши чекланмайди ва истеъмолчи қарздорликни бартараф этиш учун етарлича вақтга эга бўлади, қарздорлик сақланиб қолган тақдирдагина электр энергияси учун тўлов қабул қилиниши чекланади.

Мазкур тартиб 2027 йил 1 январдан амал қила бошлайди. Ушбу тартиб ижтимоий реестрга киритилган оилаларга нисбатан қўлланилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистонда чиқиндидан қарздор истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятини чеклаш бошланган. Шунингдек, Ўзбекистонда жисмоний шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиғи бўйича умумий суммаси 1 миллион сўмдан ошадиган солиқ қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизми жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг