Ўзбекистонда 900 млрд сўмлик газ ва “свет” ўмарилди. Ўғрилар кимлар?
Жамият
−
20:37 806 2 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг 10 ойида 900 млрд сўмлик газ ва электр токидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда бугун, 4 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов маълум қилди.
Ташкилот расмийларининг маълум қилишича, 10 ой давомида 144 млн метр куб газ (441,2 млрд сўм)дан ҳамда 243,1 млн кВт соат электр токи (459,1 млрд сўм)дан ноқонуний фойдаланилиши оқибатида бюджетга жами 900,3 миллиард сўм зарар етказилган.
“Очиғини айтиш керак, бу борада аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Масалан, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида электр энергияси ҳисоблагичларига ташқи таъсир кўрсатиш оқибатида 421 миллион сўмлик зарар етказилгани аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича зарар етказган тадбиркорлик субъекти раҳбари ҳибсга олинган. Шунингдек, қоидабузарликка шароит яратиб берган таъминотчи корхона ходими ҳам жавобгарликка тортилмоқда”, дейди Аҳадхон Исоқжонов.
Матбуот анжуманида ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг асосий қисми хусусий секторга тўғри келаётгани айтилди. Хусусан, электр энергияси бўйича 2026 йил 31 октябрь ҳолатига 1 985 та қоидабузарлик аниқланган. Бунинг оқибатида 242 миллион киловатт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган ва дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бюджетга 458 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Такидланишича, қоидабузарликларнинг қарийб 10 фоизи давлат ташкилотлари, қолган қисми эса тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларида ҳам асосий улуш хусусий тадбиркорлик субъектларига тегишли эканлиги маълум қилинди. Хусусан, иссиқхона, автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ва трикотаж фабрикаларида бундай қонунбузарликлар кўпроқ аниқланмоқда.
2025–2026 йиллардаги куз-қиш мавсумида иссиқхоналарда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 23 та ҳолат аниқланган. Бунинг оқибатида 8 миллиард сўмлик зарар етказилган. Шунингдек, 2026 йилнинг 10 ойи давомида республика бўйича 24 та метан заправкада табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чора кўрилган.
“Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг асосий қисми хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Давлат ташкилотларида бундай қоидабузарликлар нисбатан кам учрайди. Фаолият турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, табиий газдан йирик миқдорда ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари, асосан, иссиқхона хўжаликлари, автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ҳамда трикотаж ва тўқимачилик фабрикаларида аниқланмоқда. Булар табиий газнинг йирик истеъмолчилари ҳисобланади”, дейди Аҳадхон Исоқжонов.
Шунингдек, инспекция томонидан нефть маҳсулотлари, хусусан, бензин сифати ҳам текширилган. Назорат тадбирларида асосан AI-92 ва AI-95 маркали бензиннинг сифат талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Жумладан, нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирларида АЁҚШ ва корхоналардан олинган таҳлил намуналаридан 330 та ҳолатда 7 828,3 тонна нефть маҳсулоти сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилишининг олди олинган.
Live
Барчаси