ДХР қўшинлари Волновахани эгаллаб олди

Олам

image

Донецк халқ республикаси (тан олинмаган) қуролли кучлари Волноваха шаҳрини озод қилди. Бу ҳақда бугун, 11 март куни Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игор Конашенков маълум қилди. 

"Донецк халқ республикаси қўшинлари гуруҳи Волноваха шаҳрини озод қилди. Олгинка, Велико-Анадол, Зелений Гай аҳоли пунктлари ҳам назорат остига олинди. Чуқурликдаги олдинга силжиш 6 км гача эди", дейди у. 

Унга кўра, Донецк халқ республикаси халқ милицияси бўлинмалари Мариуполда қамални кучайтиришда давом этган. Шарқий, шимолий ва ғарбий йўналишлардан умумий ўтиш 800 м гача бўлган. 

Конашенковга кўра, Россия Қуролли Кучлари бўлинмалари ҳужум операцияларини давом эттириб, 17 км олдинга силжиган. 

"Россия Қуролли Кучлари бўлинмалари ҳужум операцияларини давом эттириб, Петровское - Евгеновка - Октябрьское чизиғига етиб келишди. Олдинга ҳаракатланиш 17 км ни ташкил этди”.

Ҳарбий аэродромлар

Конашенковнинг айтишича, Россия Қуролли кучлари Украинадаги иккита ҳарбий аэродромга узоқ масофали аниқликдаги қуроллар билан зарба берган. 

“11 март куни эрталаб юқори аниқликдаги узоқ масофали қуроллар Украина ҳарбий инфратузилмасига зарба берди. Луцк ва Ивано-Франковскдаги ҳарбий аэродромлар ишдан чиқарилди”, дейди Конашенков. 

Конашенков, Россия авиацияси ва ҳаво мудофааси бир кунда Украинага тегишли 3 та Ми-24 вертолёти, 8 та учувчисиз ҳаво воситаси, жумладан 5 та Байрактар ТБ-2 дронини уриб туширганини айтди. Умумий маълумотларга кўра, тезкор-тактик ва армия авиацияси бир суткада Украина қуролли кучларининг 107 та объектини йўқ қилган: олтита қўмондонлик ва бошқарув марказлари ва алоқа марказлари, 14 ўқ-дорилар ва ёқилғи-мойлаш материаллари омбори, 11 ҳарбий техника тўплаш жойлари. 

Конашенковнинг таъкидлашича, Россия Қуролли кучлари бўлинмалари операция давомида Украина ҳарбий инфратузилмасининг 3213 та объектини ишдан чиқарган. Йўқ қилинган: 98 та самолёт, 118 та учувчисиз учиш аппарати, 1041 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техника, 113 та кўп учувчи ракета тизими, 389 та дала артиллерияси ва миномётлари, 843 та махсус ҳарбий техника”, дейди у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг