Бўздағ Туркиянинг Украина ва Россия ўртасидаги даллоллиги билан мақтанди
Олам
−
12 Март 2022
5930Туркия ҳозирда ҳам Украина, ҳам Россия ишонадиган ягона давлат бўлиб турибди. Бу ҳақда Туркия Адлия вазири Бекир Бўздағ Twitter саҳифасида ёзиб қолдирган.
Адлия вазири Шимолий Атлантика альянсини Киевга берган ваъдаларини бажаришдан бош тортаётганликда айблаб, НАТО позициясини танқид қилган.
“Фақат Туркия Украинага берган ваъдаларини бажармоқда. Туркия инқирозли вазиятлардан чиқиш йўлларини қидирмоқда. Бунга Анталиядаги Дипломатик форум ёрқин мисол бўла олади. Бу ерда Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Халқаро миқёсдаги келишмовчиликларни ҳал қилишда адолатли позицияси туфайли замонавий Туркия ўзини сўзига ишонган давлат сифатида кўрсатди. Туркияга ишонган ҳеч ким ютқазмаган. Ва бундан кейин ҳам шундай бўлади”, деб ёзган Бўздағ.
Маълумот ўрнида, 10 март куни Туркиянинг Анталия вилоятида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли иштирокида Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулеба иштирок этди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь