Бундан ҳам баттар бўлади – НАТО Бош котиби Украинадаги вазият бўйича огоҳлантириш билан чиқди

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг яқин кунларда Украинада бундан ҳам кўпроқ ўлим ва вайронагарчиликлар бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бош котиб альянснинг Брюсселдаги қароргоҳида бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишдан сўнг Россия ва Украина ўртасидаги уруш бўйича ўз позициясини билдирди. 

Бош котиб Украинадаги можарони “Россия Президенти Владимир Путин уруши” деб атади ва ҳужумларни давом эттираётган Россия “бундан ҳам оғирроқ қуролларни” қўллаши мумкинлигини тахмин қилди. 

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Россия Украинада "бутун дунё қоралаши керак бўлган шафқатсиз ва ғайритабиий ишғол"ни амалга оширмоқда ва ҳужумлар натижасида аллақачон кўп сонли одамлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган.  

“Яқин кунларда, эҳтимол, бундан ҳам баттар бўлади: кўпроқ ўлим, кўпроқ азоб ва вайронагарчилик”, дейди Столтенберг. 

Шу билан бирга, Столтенбергнинг таъкидлашича, Путин Украинага қарши уруш бошлаб, Украина Қуролли кучлари қудратини ва Украина халқининг иродасини паст баҳолаган. 

“Биз Путинни урушни зудлик билан тўхтатишга, қўшинларини ҳеч қандай шартларсиз Украинадан олиб чиқиб кетишга ва аниқ дипломатик ҳаракатлар қилишга чақирамиз”, дейди Бош котиб. 

Бош котиб айни пайтда альянс Украинани парвозлар тақиқланган ҳудуд дея эълон қилмаслигини ва у ерга қўшин юбормаслигини яна бир бор таъкидлаган. 

“НАТО томонидан бундай қадам қўйилган тақдирда Европада тўлақонли уруш бошланиши мумкин, яна кўплаб давлатларни қамраб оладиган ва инсониятнинг кўпроқ азобланишига сабаб бўладиган вазият юзага келади”, дейди Столтенберг.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг