Бугундан барча мактабларда рейд бошланади

Жамият

image
Навбат Самарқандга. Устозлар яна мактабни “ремонт” қилишга мажбурланди (видео) north_east

Навбат Самарқандга. Устозлар яна мактабни “ремонт” қилишга мажбурланди (видео)

Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида мажбурий меҳнат юзасидан назорат тадбирлари (рейдлар) ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.
 
Билдирилишича, бугун, 15 август санасидан бошлаб, бутун республика бўйича мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида “Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳафталиги” эълон қилинади. Меҳнат инспекцияси барча таълим муассасаларида назорат тадбирлари ўтказади.

“Сўнгги кунларда ўқитувчи ва мураббийларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари бўйича эълон қилинаётган хабарлар фуқароларимизнинг меҳнат ҳуқуқлари дахлсизлиги хавф остидалигини кўрсатмоқда”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритилган 10 га яқин ўқитувчи ва мураббийларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари тасдиғини топиб, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган. Тегишли вазирлик ва идораларга қонун бузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ҳамда уларнинг келиб чиқишига имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган. 

Таъкидланишича, ҳафталик доирасида нафақат иш берувчилар, балки мажбурий меҳнатга йўл қўйган барча масъул мансабдор шахсларга нисбатан ҳам жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Маълумот учун, 2023 йил 27 мартда қабул қилинган ва эртаси куни кучга кирган “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш)га киритилган қўшимчага кўра, ️ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шу қонун билан Жиноят кодексининг 148-2-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш)га киритилган қўшимчага кўра, “меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланган.

2018 йил 10 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил август ойи бошида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчилари таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилингани ва мактаб жамоаси билан суҳбатда улар томонидан ушбу ҳашар ихтиёрий равишда амалга оширилгани таъкидлансада, устозларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмагани сабабли мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Мактаб директорига меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлагашни назарда тутувчи нормага асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 41 млн 200 минг сўм миқдорида жарима қўлланган.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб ўқитувчи мажбурий меҳнат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг