Ўқитувчиларни “ремонт”га чиқарган мактаб директори 41,2 млн сўм жаримага тортилди (видео)
Жамият
−
05 Август 6673 2 дақиқа
Аввалроқ, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчилари таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилингани ва бунинг ортидан мактаб директори лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳам муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кеча, 4 август куни ҳолат бўйича вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш давомида жорий йилнинг 2 август куни мактаб директори ростдан ҳам ваколатидан фойдаланиб ўқитувчиларни мажбуран мактаб таъмирига чақиргани аниқланган. Агар мактабга келмаса, кам дарс соати тақсимланиши айтилгач, ўқитувчилар таъмирлаш ишларида қатнашишга мажбур бўлган.
Билдирилишича, мактаб директори З.М. га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 41 млн 200 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Маълумот учун, Марҳамат тумани “Янги ҳаёт” МФЙ ўрамида жойлашган 42-умумтаълим мактаби 1982 йилда қурилиб, 2005 йилда жорий таъмирланган. Мактаб 2023 йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 1 миллиард 200 миллионлик қийматга эга эшик ва ромлар билан таъмирланган. 2024 йилги мавсумда 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ютиб олиниб, спорт майдони қурилган ва мактабнинг олд қисми замонавий кўринишга келтирилган. Ҳозирда мактабда жами 1236 ўқувчига 74 нафар устоз таълим-тарбия бериб келмоқда.
Видеода ишлаётган педагогларнинг барчаси аёл киши эканини кўриш мумкин. Улар орасида инглиз тили, рус тили, математика ўқитувчилари, деярли барча муаллималар бор экани айтилган. Уларнинг баъзилари девор ва шифтни суваётган бўлса, яна бошқа бири стол ва стулларни ташияпти. Қизиқарлиси шундаки, таъмирлаш ишларини олиб бораётган устозларнинг айримлари ҳатто меҳнат таътилида бўлса ҳам мактабда – таъмирлаш жараёнларида. Видеода “ремонт” ишларида қатнашган ўқитувчиларга кўпроқ дарс соати берилиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу мактабда ўқитувчиларнинг таъмирлаш ишларига чиқарилганига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам муносабат билдирганди.
Live
Барчаси