Янги Ўзбекистонда яна ўқитувчилар мактабни таъмирлаш учун қулдек ишлатиляпти…ми? (видео)
Жамият
−
02 Август 11801 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 42-сонли мактабда ўқитувчилар мактабнинг таъмирлаш ишларини ўзлари олиб бораётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолатга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, айни пайтда ҳолат назоратга олинган ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича батафсил маълумот берилади.
Видеода ишлаётган педагогларнинг барчаси аёл киши эканини кўриш мумкин. Улар орасида инглиз тили, рус тили, математика ўқитувчилари, деярли барча муаллималар бор экани айтилган. Уларнинг баъзилари девор ва шифтни суваётган бўлса, яна бошқа бири стол ва стулларни ташияпти. Қизиқарлиси шундаки, таъмирлаш ишларини олиб бораётган устозларнинг айримлари ҳатто меҳнат таътилида бўлса ҳам мактабда – таъмирлаш жараёнларида.
Мактаб ходимларининг ушбу ишга ўзлари рози бўлган ҳолда киришгани ёки мажбуран жалб қилингани номаълум. Лекин видеода “ремонт” ишларида қатнашган ўқитувчиларга кўпроқ дарс соати берилиши айтилган.
Маълумот учун, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, ️ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Поп тумани 43-мактаб директори мактабда таътил бўлишига қарамай, педагогларни таълим масканига чақириб, соат 16:00 гача ўзларига тегишли бўлмаган вазифаларни бажаришга, яъни мактаб ҳудудидаги ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилганди.
Live
Барчаси