Наманганда директор ўқитувчиларни ўт-ўлан юлишга мажбурлади (видео)
Жамият
−
08 Август
15921Наманган вилояти Поп тумани 43-мактаб директори мактабда таътил бўлишига қарамай, педагогларни таълим масканига чақириб, соат 16:00 гача ўзларига тегишли бўлмаган вазифаларни бажаришга, яъни мактаб ҳудудидаги ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилди. Бу ҳақда ўқитувчилар QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Бизга тақдим этилган материалларга кўра, мактаб директори М.Марасулова юқорида саналган “қора” ишларни қилишни истамаган ўқитувчилардан 500 минг сўмдан пул талаб қилган. Бундан ташқари, у ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул йиғишга ҳам мажбурлаган.
“Опа, менинг соғлиғим кўтармайди, ишлолмайман, 500 мингдан берганлар мазза қилиб, уйда ўтирса, мен ҳам ажриқ чопиб, ҳам усталарни боқиб, соат 16:00 да кетаманми, деяётганларга ҳозир ҳам кеч эмас. Ўйлаб кўринглар. Барибир бу ерда қўлларингдан ҳеч нима келмаяпти. Уйда ишлагандай ишланглар. Мени томорқамда ишлаяпсизларми? Қўл тегди – кетмон тегди қилмай, яхшилаб ишланглар. Нон еяпсизлар-ку шу мактабда”, деган мактаб директори.
Қолаверса, директор мактабда таъмирлаш ишларини олиб бораётган усталарни тушлиги учун ҳар бир ўқитувчидан 20 минг сўмдан пул сўраган ёки уйларидан бир чойнак чой дамлаб, иккита нон ёпиб келишларини буюрган.
“Ҳаммани 3 тадан бўлиб қўяман, 20 мингдан тушадими, 25 мингдан тушадими, 100 минг сўмдан тушадими, 1,5 кг ош 45 минг сўм экан. Иккита нонни уйдан ёпиб келсаларинг ҳам бўлаверади. Битта қовун ёки тарвуз. Битта чойнак чой. Бунга кўнмасаларинг август ойидаги ойликдан олиб қолиб, усталарга хизмат ҳақини бериб юбораман”, деган директор.
Мактаб хусусий эмаслигини, давлатга қарашли эканлигини тасдиқлаган директор ҳамма усталарга ош қилиб беришга мажбурлигини айтган ва бу ишдан бўйин товлаганлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишини билдирган.
“20 минг пул учун мен сенлар билан меҳнат шартномасини бекор қиламан”, деган у.
QALAMPIR.UZ ҳолат юзасидан 43-мактаб директори билан боғланди. Аёлнинг билдиришича, у баъзи бир ўқитувчилар билан жанжаллашиб қолгани учун улар шундай шикоят қилган. Директор бундай қонун-қоидаларнинг ташаббускори эмаслигини айтди, кимнинг буйруғи эканлигига эса жавоб беришни истамади. Шу билан бирга, у фақат буйруқ билан чекланиб қолмай, ўзи ҳам ўқитувчилар билан бирга мактаб ҳовлисида ишлашини билдирди.
“Ўзим ҳам бирга ўша ерларни тозалайман. Энди ойлик олгандан кейин уларга ҳам нимадир иш топиб бериш керак-ку. Ичкарида иш йўқ. Ҳамма жойда шундай. Сайлов жараёнлари бошланди. Назорат учун келганлар ободонлаштиришни кўради”, деди директор.
Маълумот учун, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, ️ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
QALAMPIR.UZ ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳам боғланди. Вазирликка кўра, ҳозирда директорнинг хатти-ҳаракатлари назоратга олинган.