Вазирлик ўқитувчиларнинг мактаб “ремонт”ига чиқарилганига муносабат билдирди (видео)
Жамият
−
03 Август 27449 2 дақиқа
Аввалроқ, Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 42-сонли мактабда ўқитувчилар мактабнинг таъмирлаш ишларини ўзлари олиб бораётгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолатга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муносабат билдирди.
Вазирликка кўра, айни вақтда мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган ҳамда атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Ўқитувчиларнинг “ремонт” қилишига сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилиши таъминланади.
Видеода ишлаётган педагогларнинг барчаси аёл киши эканини кўриш мумкин. Улар орасида инглиз тили, рус тили, математика ўқитувчилари, деярли барча муаллималар бор экани айтилган. Уларнинг баъзилари девор ва шифтни суваётган бўлса, яна бошқа бири стол ва стулларни ташияпти. Қизиқарлиси шундаки, таъмирлаш ишларини олиб бораётган устозларнинг айримлари ҳатто меҳнат таътилида бўлса ҳам мактабда – таъмирлаш жараёнларида.
Мактаб ходимларининг ушбу ишга ўзлари рози бўлган ҳолда киришгани ёки мажбуран жалб қилингани номаълум. Лекин видеода “ремонт” ишларида қатнашган ўқитувчиларга кўпроқ дарс соати берилиши айтилган.
Маълумот учун, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, ️ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Live
Барчаси