Таълимдан бошқа ҳаммаси: ўқитувчилар қачон дарс ўтади?

Таҳлил

image

“Бир кўрмоққа жон бермоқ”. Тошкент ҳокими шаҳарликларни, Қаршидаги мактаб директори эса ўқувчиларини “чиройли кийинтирмоқчи”. Тез-тез муҳокама қилинадиган ягона форма масаласи яна кун тартибига чиқди. Бугун бир-бирига ўхшамаган тузилмаларнинг бир-бирига ўхшаш позициялари ҳақида гаплашамиз. Синф раҳбарларига “вижи-вижи” гап қилмасдан жакет учун ота-оналардан пул йиғиш буйруғини бераётган мактаб директори видеосини кўрган бўлсангиз керак. Унда Қарши шаҳридаги 23-мактаб директори Ф.Ш. нинг ўқув йилининг ўртасида форма учун пул йиғими ташкил этаётгани кўринган. “Олдин ўқувчиларни бир рамкага олай” дея гап бошлаган директор синф раҳбарларига ота-оналардан 70 минг сўмдан пул йиғишни буюрган.

“Агар “вижи-вижи” гап чиқса, мендан хафа бўлманг. Шунинг учун ҳаммангиз топшириқ беринг. Тикувчининг “номери”ни “замдиректор” Шаҳноза устозга бердим. Эртага келади. Мен танлаган эмблемани гуруҳга юбораман. Бирортаси қолиб кетмаслиги керак. Агар ўша кийими бўлмаса, дарвозадан чиқариб юбораман. Менга формасиз ўқувчи керак эмас”, деган у видео давомида.

Кўп ўтмай вилоят ММТБ мактаб директорига нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланганини эълон қилди. Маълумот учун, ҳозирда ўртача ойлик иш ҳақи 5 миллион 357 минг сўмни ташкил этади. Эътибор бериш керак бўлган яна бир жиҳат шуки, ушбу мактаб директорининг ўқитувчиларга мурожаат қилиш услуби, гапириш оҳанги, ишлатаётган сўзлари раҳбарга хос намунавийликни қўя туринг, нормал муомала маданиятидан ҳам анча узоқлиги кўриниб турибди. Буни энг кам маош оладиган, жамиятда ҳурмати пасайиб бораётгани айтиладиган ўқитувчиларни, энг аввало, ўзларининг педагог раҳбарларини қадрсизлантираётганига яққол бир мисол деса бўлади.

Ўқитувчи бўлиш осонми?

Умуман олганда, ягона форма масаласи, ортиқча йиғимлар, ноқонуний буйруқлар ва раҳбарнинг қўпол муносабати ҳеч ким учун янгилик эмас. Кўпчилик ходимлар “Open budget” учун овоз йиғиш, кўча супуриш, тадбирларда мажбурий иштирок этиш каби ноқонуний ҳолатларни ҳам ўз вазифаларидек қабул қилади. Мактабда дарс бераётган, синф раҳбарлик қилаётган педагогларнинг шундоқ ҳам қиладиган ишлари кўп: ўқувчиларнинг формаси, давомати ва тартиби билан шуғулланиш, ҳам электрон, ҳам бюрократик ишларни юритиш, ота-оналар билан суҳбатлар ташкил этиш ва ўз устида ишлаш. Ўқитувчининг энг асосий вазифаси бўлган билим бериш эса ёзилган ва ёзилмаган вазифаларнинг энг сўнгги қаторига тушиб қолмоқда. Оқибатда синфга чарчаган ва асабий ўқитувчи кириб келади. Очиғини айтганда, ҳозирги Z ва Alfa авлод билан тил топишиш ҳам осон эмас. Биз билан суҳбатлашган мактаб ўқитувчиларидан бирининг сўзларига кўра, улардан биринчи навбатда сўраладиган нарса - форма, давомат ва тартиб!

“Ҳозирча мактабимиз раҳбариятидан шикоятим йўқ, ҳаммаси жойида. Лекин, ўқувчиларнинг билим олишга қизиқиши йўқ, айниқса, юқори синфдагилар тезроқ мактабни тугатсам, четга кетиб бўлса ҳам пул топсам дейди. Ҳаммасининг қўлида телефон. Деярли барча қарорлар ўқувчилар манфаатида чиқарилади. Ўқитувчи ўқувчига дакки ҳам бера олмайди, синфни тартибга чақириш жуда қийин бўляпти. Мендан сўрашса, билимсиз ўқувчиларни синфдан қолдириб яна ўқитиш керак деган бўлардим. Чунки, мактабга мажбурликдан вақт ўтказиш учун келиб юради, ўқимайди. Миллий Гвардия давомат билан шуғулланаётгани эса анча енгиллик бўлди”, дейди у.

Ўзбекистондаги энг кам маош олувчиларнинг бири соғлиқни сақлаш бўлса, бири айнан таълим. Танганинг иккинчи томони шундаки, мамлакатда шу икки соҳа ходимлари сон жиҳатдан бошқалардан анча кўп. ММТ вазири ўринбосари Темуржон Комиловга кўра, битта ўқитувчининг маоши 1 миллион сўмга оширилса, бу бюджетга бир йилда 7 триллион сўмга тушади. Статистика агентлиги берган маълумотларга кўра, таълим тизимида бугунги кундаги ўртача иш ҳақи 3 млн 637 минг сўмни ташкил этади. Ёдингизда бўлса, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари 1000 долларга етказилиши ваъда қилинган эди. Ўтган йили 28 августда матбуот анжумани ўтказган Ҳилола Умарова мазкур саволга жавоб берганди.

“Лекин бир нарсани айтишим керак, 1000 доллардан ошиқ олаётган ўқитувчиларимиз ҳам бор. Ҳар бир соҳанинг KPI’лари бор. Яъни бизда ҳам, мана мактабгача таълим тизимида, умуман, устозларимизга бир нечта йўналишлар қўйилган. Мисол, агар тоифаси юқори бўлса, қўшимча ойлик қўшилади.  Олимпиадага ўқувчи чиқарган бўлса, бунга ҳам устама. Мана ҳозир сертификатлаш (тил ва бошқалар) учун ҳам маблағлар ажратилган”, деганди у.

Анжуманда шунингдек, ҳозирги кунда қарийб 545 минг нафар ўқитувчининг 6 минг нафардан ортиғи, яъни 1,1 фоизи 1000 доллардан ортиқ маош олаётгани айтилган.

Форма мажбурийми?

Мактабларда ягона форманинг мажбурий ёки ихтиёрий бўлиши борасида сўнгги бир неча йилда кўпгина ҳукумат қарорлари қабул қилинганки, адаштириб юбориш ҳеч гап эмас. Демак, бошладик. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августда қабул қилинган қарорида мактаб формаси 2018-2019 ўқув йилидан ихтиёрий, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий жорий этилиши белгиланган. Кейинчалик, яъни 2019 йил май ойида ўша даврда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаган Саида Мирзиёева мактаб формасини мажбурий қилишдан кўра бошқа муаммоларга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб, мажбурий мактаб формаси талаб қилинишига ҳали эрталигини айтганди.

“Ўтказилган ўрганишлар натижасида, айрим жойларда шароит оғир эканлиги, кўплаб мактаблар таъмирталаб, ўқув дарсликларининг етишмаслиги, китоблар сифати жуда паст эканлиги, айрим мактабларда дарслар уч сменада ўтилишини кўрдик. Бу йилдан бошлаб мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилиши режалаштирилган. Лекин мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз. Қисқасини айтганда - олдин шароит, кейин талаб”, деб ёзган Саида Мирзиёева Facebook’даги саҳифасидаги постида.

Шундан сўнг, 2019 йил 18 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг 509-сонли қарори қабул қилинди ва ягона мактаб формаси 2019-2020 ўқув йилидан эмас, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб жорий этиладиган бўлди. 2022 йил 19 май куни эса ҳукуматнинг 271-сонли яна бир қарори билан мактаб формаси 2024-2025 ўқув йилидан эмас балки, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мажбурий жорий этиладиган бўлди. Бироқ, бу қарор ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида турли хил эътирозлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Эътирозлар инобатга олиниб, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 октябрдаги 558-сонли қарори билан 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун тасдиқланган шакллардаги ягона мактаб формасини жорий этиш талаби расман бекор қилинди ва ягона мактаб формаси босқичма-босқич жорий этиладиган бўлди. Сўнгги қабул қилинган қарорда эса ягона мактаб формаси жорий этишнинг аниқ муддати белгиланмади. Мана 2024-2025 ўқув йилининг иккинчи ярми ҳам бошланди ва мактаб формалари машмашаси яна кўтарилди.

Эътиборга молик жиҳатлардан бири шуки, жаримага тортилган мактаб директори видео давомида ходимларига намуна сифатида шаҳардаги ягона форма жорий этилган бир қанча, хусусан, шаҳардаги 34, 1, 11, 8, 5 мактабларни санаб ўтган. Нима деб ўйлайсиз, ягона форма ушбу мактаб директорларининг шахсий ташаббусларими ёки уларга ҳам юқоридан буйруқ келадими? QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган бошқа вилоятдаги мактаб директорларидан бири бундай буйруқ юқоридан келишини, 2025 йилдан бошлаб эса ягона форма мажбурий жорий этилиши тўғрисида буйруқ берилганини билдирди. Бундан ташқари, бир неча мактаб ўқитувчилари ва синф раҳбарларидан сўраганимизда ҳам мактабларда ягона форма мажбурий эканини айтишди. Эътибор қаратган бўлсангиз, Қашқадарё вилоят ММТБ ҳам директорнинг тарқалган видеосига берган муносабатида мажбурий тартибда ўқувчиларни форма кийишига доир пул маблағларини йиғиш, ташкил этиш қатъиян тақиқланишини билдирган, форма кийишга мажбурлаш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида эса сўз демаган.

Мактаб формалари яхшими ёки…

Тадқиқотларга кўра, агар барча ўқувчилар бир хил кийимда бўлса, синф хоналари тартибли кўринади, болалар камроқ шовқин қилади ва кўпроқ тинглайди. Бундай фактлар ўқитувчилар учун ёқимли эшитилиши мумкин, аммо бир қанча мутахассисларга кўра, натижада бола ўз фикрини ва танловини ифода этишга қийналиши мумкин. Уларнинг тушунтиришларича, болалар, айниқса ўсмирлар ташқи кўринишлари билан ўз ички ҳиссиётлари, характер ва дунёқарашларини ифода этишга уринади. Мажбурий тарзда бир хил форма кийиш – уларнинг бу имкониятларини чеклайди, танқидий ва креатив фикрлаш қобилиятларини пасайтиради. Баъзи нашрларда ўрганишлар ягона форма ижтимоий тенгсизликни инкор этиб, болалар ўртасида безориликни камайтиришини кўрсатганини ёзса, бошқалари бундай фикрлар қуруқ гап эканини айтади. Бир қанча мутахассислар форма кийган ўқувчиларнинг билим даражаси юқорилиги ҳеч қачон ўз исботини топмагани ва статистикада акс этмаганини таъкидлашади. Шунингдек, экофаолларга ягона форма учун одатда ишлаб чиқариш жараёнида кўпинча сув йўллари ва тупроқни ифлослантириши мумкин бўлган зарарли кимёвий моддаларни ўз ичига олган синтетик материаллардан фойдаланилиши ва шу жиҳати билан атроф-муҳитга катта зиён етказишини таъкидлашади.

Таълимга қанча тикилган?

UNESCO маълумотларига кўра, бугунги кунда 250 миллион бола ва ёшлар мактабга бормайди, 763 миллион катталар эса саводсиз. Мана шундай таълим муаммоларига қарши кураш ва таълимни замонавийлаштириш мақсадида 24 январь Халқаро таълим куни сифатида нишонланади. Барча дунё мамлакатлари сингари Ўзбекистон ҳам таълим ривожи учун катта маблағ сарфлайди. Масалан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига кўра, 2024 йил учун бюджетдан Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги учун 50 трлн сўмга яқин маблағ ажратилган эди. Бу пуллар мактабларда дарсликлар ва эскирган компьютерларни янгилаш, Қўшкўпир ва Хонқа туманидаги бошланғич синф ўқувчиларини планшетлар билан таъминлаш, мактабларга спорт анжомлари ва чолғу асбоблари ҳамда бошқа умумий харажатлар учун сарфланиши кўзда тутилган эди. Хўш, мактабингизда эскирган компьютерлар, дарсликлар янгиландими? Спорт анжомлари ва чолғу асбоблари олиб келиндими? Айтганча, хонқалик ва қўшкўпирлик болалар, планшет олдингизми? 

Бу йил эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтган йилгисидан ҳам кўпроқ – 60 трлн сўмга яқин маблағ ажратилмоқда. Кўпинча танқид қилинадиган, таълим тизимига, тўғрироғи, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратилган маблағ миқдор жиҳатидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан (96 трлн сўм) кейинги иккинчи ўринда туради.

Мансабдорларнинг “миллий ташаббуслари”

Кийим машмашаси фақат таълим даргоҳларида бўлади десангиз, адашасиз. Касб ва хизматга мос, қулай ва албатта одоб-ахлоқ қоидалари асосида кийиниш муаммо эмас. Шунчаки, баъзида кутилмаган ўзгаришлар ҳам бўлиб туради. Масалан, Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолаган қарорга кўра, “Миллий Тошкент” лойиҳаси амалга оширилади ва шаҳардаги давлат ишхоналари ходимларига миллий либосларда юриш тавсия этилади. Шунингдек, “Миллий Тошкент” лойиҳаси доирасида:

  • Шаҳар йўловчи ташиш транспортлари ҳамда транспорт карталари миллийлик орнаментлари билан безатилади;
  • Шаҳардаги мактабларнинг ҳар бирида намуна сифатида биттадан “Миллий ўзбек синфи” ташкил этилади;
  • Савдо марказлари, бозорлар, истироҳат боғлари, музейлар, кино ва театр биноларининг фасад ҳамда ички қисми миллийлик руҳида безатилади;
  • “Тошкентда миллийлик трендда”шиори остида қисқа метражли ижтимоий роликлар, блог ҳамда флешмоблар танлови эълон қилинади.

Бу қарор ниманидир ёдингизга солмадими? Эслай олмаган бўлсангиз, ёрдамлашамиз. 2021 йилда Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазирлик ходимларига иш фаолияти давомида дўппи кийиш ташаббусини билдирганди. У буни қадриятларни ҳаётга қайтариш деб атаган эди. Бундай ташаббуслар ҳақида гап кетганда Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ўзини ҳақиқий андижонликман деган ҳаммани Андижон полькасига ўйнашга чақирганини ҳам эслаб ўтмасак, бўлмас. Ўшанда ҳоким топшириғига асосан “Андижон полькаси” куйи яратилганининг 100 йиллиги ҳамда шу номдаги халқ рақс ансамбли ташкил этилганининг 65 йиллиги муносабати билан вилоятда “Андижон полькаси” ойлиги эълон қилганди. Шундай қилиб, ташқари кўриниш ва кийим масаласида якдилликка эриша олмаётган фикрлар қарама-қаршилиги доимгидек давом этмоқда. Жамоат фаолларига кўра, юқоридагилар шакл эмас, моҳият муҳимроқ эканини тушуниб етишлари керак.

Иқбол Эргашова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Таълим ўқитувчилар Форма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг