“Кўчада қолган” устозлар. Давлатнинг ўқитувчиларга ҳурмати шуми?
Жамият
−
04 Ноябрь
26856Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб ўқитувчилар малакавий аттестация имтиҳонларини топширмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 31 октябридан бошлаб мазкур аттестация имтиҳонларига старт берилган.
Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги имтиҳон марказига келган ўқитувчилар эса QALAMPIR.UZ диққатини тортди. Улар ўз навбатлари келишини кутиш учун ўриндиқ топа олмай кўчада, цемент ва бордюрлар устида ўтирибди. Хўш, жамиятга зиё нурини тарқатадиган, болаларга таълим берадиган устозларга ҳурмат шуми? Ўз ўқитувчиларини синаётган Ўзбекистон улар учун етарлича шароит яратиб бера олмайдими? QALAMPIR.UZ шу ва шу каби саволларга жавоб топиш учун ўқитувчиларга микрофон тутди.
“Бошланғич синф ўқитувчиларимиз. Аттестация имтиҳонларига келганмиз. Худо хоҳласа, яхши бўлади, деган ниятдамиз. Олдинлари ҳар 5 йилда ўз малакамизни ошириш имконига эга эдик. Ҳозир ундай эмас. Керак бўлса, ҳар йили, бир йилда икки марта ҳам даражамизни ошириб ололамиз”, деди ҳаяжон билан имтиҳон бошланишини кутаётган ўқитувчи.
Ўқитувчилар ўз ишларидан ортиб имтиҳонларга тайёрланади. Уларнинг айтишича, баъзан амалиётда асқатмайдиган саволлар имтиҳонларда берилади. Баъзан эса хато тузилган саволлар уларни қийнайди.
“Юклама кўп, ҳаддан ташқари кўп китобни варақлаш керак. Бошланғич синф ўқитувчиларимиз, ҳамма фандан дарсга кирганимиз учун саволларни аралаш фанлардан тузишган. Масалан, чет тили фани ўқитувчиларига фақат ўзининг йўналиши бўйича саволлар тушса, бошланғич синф устозларига катта синф дарсликларидан ҳам саволлар бериляпти. Мана шу томони бизга сал оғирлик қилади. Балки юқори синфларда ўтиладиган мавзуларни ҳам билишимиз керакдир, лекин ҳозирги даврда бизга сал оғирлик қиляпти”, деди кўчада китоб титиб имтиҳонга шошилаётган устоз.
“Бизга берилаётган баъзи тестлар, мисоллар хато тузилган. Менга ҳам хато тузилган масала тушди, масалани кўрсатсам, улар менга “Изоҳ ёзиб қўйинг” дейишди, холос. Бизга мисол беришдан олдин ўзлари тўғри тест тузишни ўрганишсин, кейин бизга тест беришсин”, деб эътироз билдирди имтиҳонга кириб чиққан ўқитувчи.
Лекин ҳамма ўқитувчилар ҳам бундай фикрда эмас. Айримлар тестлар қийин эмаслиги, шунчаки билмаган одам учун ҳамма нарса қийин туюлишини билдирди.
“Мураккаб савол йўқ, ҳаммаси яхши саволлар. Ҳозирги кунда ҳаммасини билиш керак. Ўқимаган одамга оддий нарса ҳам қийин, ўқиган одамга осон. Табиий фанлардан бир савол тушди, масалан балиқ ҳақида “Гуппи балиғи неча сантиметр?” билмаган одамга шу савол ҳам қийинда”, деди ўқитувчилардан бири. Аммо барибир бугун ўқитувчилар ўз фаолияти давомида ҳар хил қийинчиликларга учрамоқда. Масалан, дарсликлар борасида ҳам улар аллақачон турли муаммоларни бошидан кечирган.
“Бугунги кунда дарсликларни ўқувчиларга етказиб беришда қийналяпмиз. Дарсликлар бўйича ота-оналар билан ишлашда қийналяпмиз. Улар масалаларни, вазифаларни тушунмаяпти. Олдинги пайтларда бунақа эмасди”.
Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат эса имтиҳонга келган ўқитувчиларнинг турмуш ўртоқлари болаларини овутиб ўтирганлигидир.
“Бугун аёлимни имтиҳонга олиб келгандим, фарзандимга қараб турибман, Худо хоҳласа, яхши натижаларни кутиб турибман”, деди боласини кўчада кўтариб юрган оталардан бири.
Ўқитувчиларнинг маълум қилишича, имтиҳон марказида улар учун жой ажратилган. Бироқ ўқитувчилар сони кўп бўлгани учун улар ажратилган жойларга сиғмайди ва шу сабабли ҳам кўчада ўтиришга мажбур.
“Ертўлада жой бор, лекин ўқитувчи кўплиги сабабли нафасим сиқиб кетди. Шунинг учун кўчага тоза ҳавога чиқдик. Кўчада ўриндиқлар йўқлиги сабабли цементда ўтирибмиз. Илож қанча?” деди ҳамкасабалари билан кўчада, шундоқ цемент устида ўтирган ёш устоз.
Айрим ўқитувчиларнинг айтишича, улар яратилаётган имкониятлардан баҳраманд эмас. Улар айнан мана шу имкониятларга эришиш учун аттестация имтиҳонларидан ўтиши керак деб ҳисоблайди.
“Эътиборларга ҳали етиб бормадик, борсак агар натижасини секин-секин кўрамиз-да. Тоифаларимизни юқори қилиб, шу эътиборга етиб бориш учун ҳаракатдамиз.” дейди ўқитувчилардан бири. “Бу саволга жавоб беролмайман. Тўғриси, ҳали мен эътибор сезганим йўқ”. Аммо шундай бўлса ҳам, устозлар бугунги кундан шукур қилмоқда ва ўқитувчилар учун бундан-да яхши шароитлар яратилишига умид қилмоқда.
“Шароитимиз яхши, шукур қилишимиз керак. Тоифалардан ўтиб олсак, хурсанд бўламан. Шунга шароит яратиб бераётган Президентимизга раҳмат айтаман. Баъзи бир давлатларда қийинчилик, урушлар. Алҳамдулиллоҳ, Ўзбекистонимиз тинч”, деди кўчада ўтирган ўқитувчи.