Мактабларда давомат 50 фоизни ҳам ташкил қилмаяпти – Эркинжон Турдимов
Жамият
−
20:28 1157 2 дақиқа
Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги мактабларда ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш кўрсаткичи 50 фоизни ҳам ташкил қилмаяпти. Бу ҳақда Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов журналист Каримберди Тўрамуродга берган интервьюсида сўз очди.
Эркинжон Турдимов интервьюда мактаб дарсликлари ҳақида гапириб, уларда хатолар тўлиб-тошганини “яхши билишини” айтган.
“Мен мактаб дарсликлари хатолар билан тўлиб-тошганини яхши биламан. Дарсликлар, уларнинг мазмуни билан бизнинг вазирлик бевосита шуғулланмас экан. Бу билан шуғулланадиган Таълим маркази ва Илмий тадқиқотлар институтига мактаб дарсликлари мазмун, моҳияти борасидаги ўз таклифларимизни юбордик”, дейди вазир.
Бундан ташқари, у мактабларда давомат 50 фоизни ҳам ташкил қилмаётганини очиқлаган.
“Ишонасизми, бугун мактабларда давомат 50 фоизни ҳам ташкил қилмаяпти. Биз ўқувчини мактабга қайтаришимиз керак. Тушунтириш, тарғибот билан бўлмагандан кейин ички ишлар ходимларини жалб этишга мажбур бўлдик. Сирдарёда шу ишнинг бошида ўзим туриб, ҳар бир мактабни ўзим назорат қилиб, ички ишлар ходимлари ёрдамида давоматни 80 фоизга чиқардик. Шунда ҳам давоматни бундан юқорига кўтара олмадик”, дейди у.
Эркинжон Турдимовнинг айтишича, тахминан 10 фоиз ўқувчи бозор-ўчарга, пул топишга чиқиб кетган бўлса, яна шунчаси бошқа шаҳарларга, масалан, Қоракўлдаги математика мактабига ёки пойтахтдаги ўқув марказларига, репититорлардан дарс олгани чиқиб кетган.
“Ота-онасига “Болангизни топиб беринг, мактабга борсин”, десак, “Мактабда ўқиса, университетга киролмайди, болам репититорда ўқияпти, уни безовта қилманг”, дейди”, дея давомат пастлигига сабаб келтирган Эркинжон Турдимов.
Унинг айтишича, мактабларда ўқитиш сифатини ҳам яхшилаш керак. Акс ҳолда, давоматни 100 фоиз қилиб бўлмайди.
“Ҳозир Тошкентда тажрибадан ўтказяпмиз. Ҳар бир мактаб, ҳар бир синфда рақамлаштирилган кузатув тизимини бутун республикада жорий қиламиз. Шунда ҳар бир синфда нечта ўқувчи ўтирганини, ўқитувчи қандай дарс ўтаётганини ўзим ҳам бемалол кўриб тураман. Ўқувчини мактабга қайтарамиз”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эркинжон Турдимов Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш учун Американи очиш керак эмаслигини, фақат тартибни, талабни жойига қўйиб, шунинг ҳисобидан самарали натижага эришмоқчилигини айтган эди.
Live
Барчаси