Навбат Самарқандга. Устозлар яна мактабни “ремонт” қилишга мажбурланди (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 32-умумтаълим мактаби ўқитувчилари ҳаёт учун хавфли тепаликларда таъмирлаш ишларини амалга ошираётгани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолатга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, расмлардаги ҳолат Самарқанд шаҳридаги 32-умумтаълим мактаби эмас, шаҳардаги 24-умумтаълим мактабига тегишли. Мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларни қоралашини таъкидлаган бошқарма вазият тўлиқ назоратга олингани ва ўрганиш ишларидан сўнг қўшимча маълумот берилишини билдирган.

Тармоқларда сиздирилган хабарларда эса мактаб директори ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, илмий бўлим мудири ўқитувчиларни ташқи ишларга мажбурлаётгани айтилган. Шу билан бирга, мактабга агар текшириш келса, “ўз хоҳишимиз билан бу ишни бажардик” дейишга ўқитувчилар мажбурлангани айтилмоқда. Ҳатто директор ва ўринбосарлар педагоглардан бирининг дарс соатини унинг ёзма розилигисиз 30 соатдан 23 соатга туширгани, устама фоизларни ҳам камайтириб юборгани таъкидланган. Барча ҳолатлардан хабардорлиги иддао қилинган Самарқанд шаҳар ва вилоят ММТБ бошлиқлари, айниқса, Самарқанд вилояти ММТБ бошлиғи буларнинг барчасига кўз юмиб келаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, хабарларда мактаб раҳбарияти ўқитувчилардан бирига бириктирилган синфхонани унинг ўзига замонавий жиҳозлар билан жиҳозлашга мажбур қилишгани айтилган.

Маълумот учун, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, ️ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчилари таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилингани ва мактаб жамоаси билан суҳбатда улар томонидан ушбу ҳашар ихтиёрий равишда амалга оширилгани таъкидлансада, устозларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмагани сабабли мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Мактаб директорига меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлагашни назарда тутувчи нормага асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 41 млн 200 минг сўм миқдорида жарима қўлланган.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Самарқанд ремонт Устозлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг