Буғдой нархи 13 йиллик рекордни янгилади
Олам
−
25 Февраль 2022
19045Бугун, 25 февраль куни Европа иттифоқи платформаларида бир тонна буғдой нархи 353 долларгача етди. Бу нарх 13 йилдан ортиқ вақт ичида – 2008 йил июнь ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Мутахассисларнинг фикрича, бу бутун дунё бўйлаб инфляция босимини ошириши мумкин.
“Bloomberg”га кўра, Россия ва Украина ғалла экинларининг жаҳон экспортчилари бўлиб, бу давлатлар ўртасидаги зиддият жаҳон бозорига буғдой етказиб бериш барқарорлиги билан таҳдид солмоқда.
Глобал экспортнинг 30 фоизи шу икки давлат ҳиссасига тўғри келади. Ёпилган Азов денгизи ва Россия босиб олган Қора денгиздаги украин портлари украин ва рус буғдойини халқаро бозорга элтадиган асосий экспорт маршрутдир.
Россия ва Украина биргаликда йилига 112 миллион тоннага яқин буғдой ишлаб чиқаради. Бу АҚШ ва Канада бозорларининг умумий ҳажмидан уч баробар кўп. Жаҳон буғдой савдосининг чорак қисмидан кўпроғи, маккажўхори савдосининг 20 фоизи ва кунгабоқар ёғи савдосининг 80 фоизи мазкур икки давлат ҳиссасига тўғри келади.
“BCS Express” маълумотларига кўра, Россия фонд бозорида ғалла ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлган компаниялар йўқ. Ўғит ишлаб чиқарувчилари нархларнинг кўтарилишидан билвосита фойда кўради.
Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, Европа бозорида буғдой нархининг кўтарилиши тез орада бошқа минтақаларга ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлайди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь