Бу сунъий тўхтатиш – Зеленский ЕИга айблов қўйди
Олам
−
05 Август 2022
20032Европа Иттифоқи (ЕИ) Украинага 8 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам кўрсатишни сунъий равишда кечиктирмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский айтиб ўтди.
“Мен ҳар куни ва турли йўллар билан Европа Иттифоқининг баъзи раҳбарларига украиналик пенсионерлар, бизнинг мажбурий кўчган (фуқаро) ларимиз, ўқитувчиларимиз ва бюджет тўловларига қарам бўлган бошқа одамлар уларнинг қатъиятсизлиги ёки бюрократиясининг асири бўлмаслиги кераклигини эслатиб тураман. Украина учун саккиз миллиард евро ҳозир тўхтатилган. Давлатимиз учун макромолиявий ёрдамни сунъий равишда кечиктириш эса ё жиноят, ё хато”, деган Зеленский.
Зеленский Украинага ёрдам беришни кечиктираётган аниқ давлат номини айтмаган. Шунингдек, у “бу хато ва тузатилишига” умид билдирган.
Аввалроқ Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Игор Жовква Германияни 9 миллиард евро миқдоридаги макромолиявий ёрдамга тўсиқ қўйганликда айблаган эди. Унинг сўзларига кўра, Украина аллақачон 1 миллиард евро олган, бироқ Германия ва бошқа баъзи Европа давлатлари қолган 8 миллиард еврони беришни кечиктиряпти.
Кеча, 4 август куни “Reuters” агентлиги Европа Иттифоқи Украинага сентябргача 8 миллиард евро миқдорида янги молиявий ёрдам пакетини шакллантириш ниятида эканлигини маълум қилди. Маблағларнинг бир қисми Киевга грант, қолгани эса кредитлар кўринишида берилади. Бунгача Еврокомиссия Украинага июнь ва июль ойларида келишилган 1 миллиард евро миқдоридаги макромолиявий кредит ёрдамини ўтказишни якунлади. 12 июль куни Европа Иттифоқининг иқтисод ва молия вазирлари даражасидаги кенгаши Киевга тегишли кредитни маъқуллади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси