“Бу мазах қилиш”. Зеленский Россия билан музокараларни йўққа чиқарадиган “қизил чизиқ”ни айтди

Олам

image
0:00
0:00
download

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия эгаллаб олган Мариуполда украиналик ҳарбий асирлар устидан суд жараёни ўтказилса, Украина расмийлари Россия билан музокаралардан абадий воз кечишини айтди. Бу ҳақда у бугун, 22 августга ўтар кечаси эълон қилинган мурожаатида айтиб ўтган.

“Ҳозирда оммавий ахборот воситаларида Мариуполда украиналик ҳимоячилар, босқинчилар томонидан асирга олинган аскарларимиз устидан мутлақо жирканч ва абсурд суд жараёни учун саҳна кўринишлари тайёрланаётгани ҳақида етарлича хабарлар бор... Агар бу қабиҳ суд жараёни бўлиб ўтса, одамларимиз барча келишувларни, халқаро қоидаларни бузган ҳолда бу саҳнага олиб келинса, мазах қилиш бўлади... Бу ҳар қандай музокараларни имконсиз қиладиган чизиқ бўлади. Россия музокаралардан узилади. Бошқа гап бўлмайди. Давлатимиз ҳаммасини айтди”, деган Зеленский.

Россия Федерацияси назорати остидаги Мариуполда, “Азов” полки ҳарбийлари устидан суд жараёни ўтказишга тайёргарлик кўриляпти. Тан олинмаган ДХРда буни трибунал деб баҳолашяпти. Август ойи бошида “Life” нашри Мариуполь филармониясидан видеони эълон қилди, у ерда бўлажак судда судланувчилар учун металл қафаслар қурилган.

Россия ва Украина делегациялари охирги марта март ойи охирида Истанбулда юзма-юз музокара ўтказган эди. Учрашув якунлари бўйича ҳар икки томон музокараларда маълум ютуқларга эришганликларини маълум қилди. Кейин музокарачилар видеоконференция шаклида мулоқот қилишди. Май ойида делегациялар бир-бирини жараённи бузишда айблаб, музокараларни тўхтатган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг