Британия Украинага тўлиқ кафил бўлмайди. Лондон нимадан ҳайиқмоқда
Олам
−
30 Март 2022
18281Буюк Британия Украинанинг ўз хавфсизлигининг кафилига айланиш имконияти ҳақидаги илтимосини кўриб чиқади, бироқ НАТО аъзоларининг Альянс доирасидаги мажбуриятларини ўз зиммасига олишдан бош тортади. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири ўринбосари Доминик Рааб маълум қилди, дея хабар берди “The Guardian”.
“Биз Президент Зеленскийга керак бўлган ҳамма нарсани диққат билан кўриб чиқамиз. Аммо менимча, биз НАТОга аъзо бўлмаган аъзолар олдидаги НАТО мажбуриятларини бир томонлама такрорламоқчи эмасмиз”, дейди Рааб.
Сиёсатчининг қўшимча қилишича, Британиянинг Украина хавфсизлигининг кафолатчиси бўлишга тайёрлиги ҳақидаги қарори “аниқ нима муҳокама қилинаётганига боғлиқ бўлади”. Аммо у кафолатлар тўғрисидаги келишув Британия қўшинларининг Россия Федерацияси билан урушда бевосита иштирок этиш имкониятини ўз ичига олиши мумкинлигини истисно қилди.
“Биз Россияни тўғридан-тўғри ҳарбий қарама-қаршиликка тортмоқчи эмаслигимизни аниқ айтдик. Украина НАТО аъзоси эмас”, деган Рааб.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинада тинчлик ўрнатишнинг асосий шартларидан бири нейтрал мақом ва НАТОга аъзо бўлишдан бош тортишдир. Украина халқаро ҳамкорлар, хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари, жумладан Буюк Британиядан хавфсизлик кафолатларини оладиган бўлса, буни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Кафил бўлиши мумкин бўлган давлатлар орасида Туркия ҳам бор. Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба билан учрашувда Анқара Киевга кафил бўлишга розилигини билдирганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь