Британия КХДРни Россияга қурол етказиб бериш бўйича музокараларни рад этишга чақирди
Олам
−
14 Сентябрь 2023
4434Буюк Британия Шимолий Кореяни оммавий баёнотларига риоя қилишга ва Россияга қурол етказиб бериш бўйича музокаралардан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Риши Сунакнинг вакили Россия Президенти Владимир Путин ва КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг Амур вилоятидаги “Восточний” космодромида бўлиб ўтган музокараларига берган изоҳида айтиб ўтди.
“Биз КХДРни Россия билан қурол-яроғ бўйича музокараларни тўхтатишга ва Пхеньян томонидан Россияга қурол сотмаслик бўйича ўз зиммасига олган оммавий мажбуриятларга риоя қилишга чақирамиз”, дейди Буюк Британия Бош вазирининг идораси ходими.
Маълумот учун, Ким Чен Ин тўрт йил ичида биринчи марта мамлакатини тарк этган. У бундан олдин 2019 йилда Россияга биринчи марта келган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ким Чен Ин Пхеньяндан жўнаб, Россияга махсус поездда йўл олганди. Кеча, 12 сентябрь куни Россияга келган Ким Чен Ин Табиат вазири Александр Козлов ва Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко билан музокара ўтказди. Бугун, 13 сентябрда Шимолий Корея етакчиси Президент Путин билан “Восточний” космодромида учрашди. Улар қисқа суҳбатдан сўнг космодромдаги объектларни кўздан кечирди. Кейин эса давлат раҳбарлари бошчилигидаги делегацияларнинг музокаралари бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Ким Чен Ин шарафига расмий тушлик уюштирилди.
LiveБарчаси