БПдан Қорақалпоғистон воқеалари сабаб қамалган баъзи шахсларга енгиллик бериш сўралди
Жамият
−
29 Август 2022
7973Қорақалпоғистонда июль ойи бошида содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия аъзолари Жўқорғи Кенгес билан биргаликда Бош прокуратурадан баъзи фуқароларнинг қамоқ эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштиришни сўради.
Комиссия маълумотига кўра, яккама-якка шаклда ўтказилган суҳбат давомида улар вазиятни яхши англамаган ҳолда ёлғон ахборотлар таъсирига тушиб қолишганини ва содир этган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдирган. Айниқса, аёллар фарзандларини жуда соғинишганини ва бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулоса чиқаришганини маълум қилишган.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Комиссия аъзолари томонидан шакллантирилган рўйхатдаги шахсларга маҳаллий туман кенгашлари депутатларини жамоатчилик кафиллиги асосида бириктириш таклифини қўллаб-қувватлаган.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, Комиссия ва Жўқорғи Кенгеси томонидан содир этган қилмишларидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, шунингдек оилавий шароити ва ижтимоий ҳолати оғир ҳамда оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқароларга инсонпарварлик тамойили асосида қамоқ эҳтиёт чорасини жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилишини сўраб Бош прокуратурага таклиф киритилди”, дейилади комиссия хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси