Қорақалпоғистондаги талатўплар ортидан алоҳида жиноят иши бўйича 39 киши ҳибсга олинган
3-саҳифа
−
14 Декабрь 2022
7907Жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар ортидан очилган алоҳида жиноят иши бўйича 39 нафар айбланувчи ҳибсда сақланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия сўровига берган жавобида айтилади.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар содир этилгани ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 нафар шахс айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.
Намойишлар ортидан дастлаб 516 нафар шахс ушланган бўлиб, шундан 5 нафарига нисбатан уй қамоғи ҳамда 166 нафарига нисбатан Жиноят кодексида кўзда тутилган жиноятлари учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган, қолган ҳуқуқбузарларга нисбатан эса суд томонидан маъмурий жавобгарлик доирасида қамоқ жазоси тайинланган.
Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича Мустақил комиссиянинг, кенг жамоатчиликнинг сўрови ва кафиллиги ҳамда депутатлик корпусининг жамоатчилик назоратига олишга рухсат бериш юзасидан киритган илтимосномалари инобатга олиниб, қамоққа олинган 107 нафар айбланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари ўзгартирилиб, уларнинг 10 нафарига уй қамоғи ва 97 нафарига жамоа кафиллиги эҳтиёт чоралари қўлланилган ва қамоқдан озод қилинган.
Шунингдек, кейинги тергов давомида уй қамоғида сақланаётган 14 нафар айбланувчига нисбатан ҳам эҳтиёт чораси жамоа кафиллигига ўзгартирилган.
Айни вақтда жиноят ишининг 22 нафар шахсга оид бўлган қисми (20 нафарига қамоқ, 1 нафарига жамоа кафиллиги ва 1 нафар уй қамоги қўлланилган) айблов хулосаси билан тамомланиб, судга юборилган, қолган айбланувчилар ва бошқа ҳолатлар юзасидан жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилган.
Ҳозирда, алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланмоқда, иш бўйича 39 нафар айбланувчи қамокда сакланмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь