Бош прокуратурадан Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича фактларни очиқлаш талаб қилиняпти
Жамият
−
12 Декабрь 2022
6474Бош прокуратурадан 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган норозилик намойишларида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборот бериш сўралди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссиянинг навбатдаги йиғилишида сўз борди.
Йиғилишда Бухоро вилоятида бўлиб ўтаётган Нукус воқеалари юзасидан суд мажлисида иштирок этган Комиссия аъзоларининг фикрлари тингланган. Суд жараёнларининг очиқ шаклда ўтказилаётгани, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари таҳлил қилинган ва уларнинг Комиссия аъзоларига билдирган фикрлари билан солиштирилган.
Мустақил комиссия аъзоларининг Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича бўлиб ўтаётган суд жараёнларида иштирок этиши давомида бу борада юзага келаётган ва кенг аҳоли вакилларини хавотирга солаётган ҳолатлар ўрганиб чиқилди ҳамда уларга ойдинлик киритилишини сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилинган.
Қайд этилишича, мурожаатда оммавий тартибсизликларни содир бўлишида айбдор сифатида ҳибсга олинган 516 нафар фуқаро, ҳозирда иши судда кўриб чиқилаётган 22 нафар айбланувчи, ёпиқ муассасаларда вақтинча ушлаб турилган бошқа шахслар, маъмурий жавобгарликка тортилганлар, шунингдек, тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборот бериш сўралди.
Суд-тергов жараёнлари иштирокчиларига оид якуний статистик ва таҳлилий маълумотлар очиқланиши билан, бу хақда Мустақил комиссия томонидан жамоатчилик хабардор этилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 ноябрь куни 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга доир жиноят иши юзасидан Бухоро вилоят судида суд жараёни бошланди.
Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Д. Тажимуратов, Л. Каллиханова, А. Турданов, А. Сметуллаев, Д. Жиемуратов, Б. Кадирбергенов, Б. Сейтниязов, А. Тоқимбетов, Қ. Сейтимов, А. Нуратдинов, С. Медетов, Н. Найипов, П. Шамшетов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Б. Генжебаев, С. Калилаев, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва А. Адилбеков Жиноят кодексининг 28,104, 104, 159, 164, 167, 227, 243, 244, 244-1, 247 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
20 нафар судланувчига нисбатан "қамоққа олиш", 1 нафарига "уй қамоғи" ва 1 нафарига "жамоа кафиллиги" тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
LiveБарчаси