Болажон Ўзбекистонда болаларнинг нархи қанча?
Таҳлил
−
02 Ноябрь
8431Жиззахда эр-хотин 3 ёшли қизини 3 млн сўмга сотмоқчи бўлди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, фуқаро ўзининг шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи билан жиноий тил бириктириб, вояга етмаган, 2021 йилда туғилган фарзандини 3 миллион сўм эвазига сотаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган ва эркакка 8 йил, аёлга эса 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Афсуски, бу Ўзбекистонда ўз боласини сотиш ҳолатининг биринчиси эмас. Ҳар йили бир қанча ота-оналарнинг ўз фарзандларини сотгани ҳақидаги хабарлар кўзга ташланади. Кимдир кечагина дунё юзини кўрган гўдагини пулласа, яна кимдир ҳали дунёга келмаган фарзандига харидор топиб қўяади ва одатда улар бу хатти-ҳаракатларини чорасизлик, пулга муҳтожлик билан оқлашга уринади. Хўш, доимо “болажон” деб аталадиган, “Болали уй – бозор, боласиз уй –мозор” дея ҳисобланадиган Ўзбекистонда болаларнинг нархи қанча? “Савдогар” ота-оналар ўз фарзандларини қанчага баҳолайди?
QALAMPIR.UZ ушбу ҳолат бўйича таҳлил ўтказиб, рейтинг тузиб чиқди. Унга кўра, Ўзбекистонда болаларнинг “нарх”и 40 минг АҚШ долларидан 300 АҚШ долларигача бўлган миқдорни ташкил қилади.
1-ўрин – 40 минг доллар
Жорий йилнинг 15 февраль куни ДХХ Гулистон шаҳрида яшовчи бухоролик аёл ўзининг янги туғилган чақалоғини 40 минг долларга сотмоқчи бўлгани ҳақида хабар берди. Унга кўра, Гулистон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 1991 йилда Бухоро вилоятида туғилган, Гулистон шаҳрида вақтинча яшовчи аёл жорий йилнинг 30 январь куни туғилган ўғил фарзандини 40 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
2-ўрин – 25 минг доллар
Ўзбекистонда ота-оналар асосан кичик ёшли, ҳали ақлини танимаган гўдакларини сотишга уринади. Бу билан улар ўзларининг бу қилмиши боласининг хотирасида қолмаслигига умид қилади. Аммо бундай ўйламайдиганлар ҳам бор. Масалан, жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда 13 ёшли қизини 25 минг долларга сотиб, савдони ресторанда “нишонлаётган” аёл қўлга тушганди. У судда “харидор”нинг бирорта қизини фарзандликка сўраганини ва эвазига уй олиб беришни таклиф қилганини таъкидлаган.
“Қизимдан кўп кечирим сўрадим. Бир кун бетимга айтади. Бошқа иложим йўқ, айбни мен қилганман, қизим эмас. Қилган ишимдан пушаймонман”, дейди қизнинг онаси.
Аниқланишича, аёл бундан 2 йил муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) бўйича судланган ва айни пайтда уй қамоғи жазосини ўтаётган бўлган.
Судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси “а” банди (Одам савдоси) билан 57-модда қўлланилиб, узил-кесил 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва у жазони қаттиқ тартибдаги колонияда ўташи белгиланган.
3-ўрин – 20 минг доллар
Шу йилнинг 11 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида фарзандини 20 минг долларга сотмоқчи бўлган қашқадарёлик ота-она ва уларга харидор топиб берган дугонасига нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилган. Унга кўра, 22 яшар талаба қиз Самарқандда ўзи танишган йигитга сотиб олишга бола топиб беришни ваъда қилади. Шундан сўнг бирга ишлайдиган дугонаси ва унинг турмуш ўртоғини 8 ойлик чақалоғини сотишга кўндиради. Воқеа жойида эса улар мутасадди ходимлар томонидан қўлга олинган. Суд қарорига кўра, жавобгар шахслар 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Боланинг тақдири нима бўлгани ҳақида эса хабар берилмаган.
4-ўрин – 18 минг доллар
2021 йил 14 август куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида яшовчи аёл ўзининг олти кунлик қиз чақалоғини сотишга уринган вақтда қўлга олингани ҳақида хабар берган.
Аёл 7 август куни туғилган гўдагини 18 минг доллар эвазига сотмоқчи бўлган ва кўрсатилган пулни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланган.
5-ўрин – 13 минг доллар
2018 йилнинг январь ойида ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбирда Н.М. ўзининг жиноий шериги Г.О. билан Фарғона шаҳрида махсус харидор Н.Н.га уч ойлик фарзандини 13 минг долларга сотаётган вақтда далилий ашё билан қўлга олинган. Маълум бўлишича, улар суд томонидан қонуний жавобгарликка тортилган.
6-ўрин – 10 минг доллар
2021 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида аёл ўзининг 8 ойлик боласини 10 минг долларга сотаётган вақтида қўлга олинган. 2020 йил июль ойида туғилган ўғил фарзандини 10 минг долларга сотган вақтида департаментнинг Янгиҳаёт туман бўлими томонидан ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
7-ўрин – 8 минг доллар (85 млн сўм)
2021 йил сентябрь ойида Навоийда самарқандлик икки фуқаро фарзандини 85 млн сўмга сотаётганда ушланган. Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятининг Оқтош шаҳарчасида яшовчи ота-она ҳали 2 ёшга ҳам кирмаган боласини сотмоқчи бўлган. Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро эса олдиндан 50 млн сўм, бир неча кундан кейин қолган 35 млн сўмни бериш шарти билан болани сотиб олмоқчи бўлган. “Тужжор” ота-она келишилган 50 млн сўм пулни олаётганда Навоий вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими ҳамда департаментнинг Кармана туманидаги бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.
8-ўрин – 4,7 минг доллар (60 млн сўм)
2021 йилнинг 28 апрель куни Навоий вилояти Учқудуқ туманида 3 ёшли фарзандини сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинган.
Маълум қилинишича, аёл 2018 йилда туғилган қиз фарзандини бошқа бир фуқарога 60 млн сўм эвазига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
9-ўрин – 4,1 минг доллар (50 млн сўм)
2023 йилнинг 21 сентябрь куни Самарқанд вилояти Оқдарё туман судида туғуруқхонадан чиқибоқ 50 млн сўм эвазига боласини пулламоқчи бўлган ва воқеа жойида қўлга олинган шахсга оид жиноят иши кўриб чиқилиб, у жиноий жавобгарликка тортилган. Маълум бўлишича, бола туғилмасдан аввал сотилган ва харидор жавобгар шахс ҳолидан доимий хабар олиб турган.
10-ўрин – 3 минг доллар
2021 йилнинг февраль ойида Сирдарё вилоятида аёл 2 ойлик чақалоғини 3 минг AҚШ долларига сотмоқчи бўлган. Жавобгар шахс фарзандини сотган вақтида, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
11-ўрин – 2,9 минг доллар (35 млн сўм)
2023 йил 19 июль куни Сурхондарё вилоятининг Aнгор туманида яшовчи 54 ёшли эркак 2019 йилдан буён бирга яшаб келаётган шаръий никоҳ асосидаги 29 ёшли турмуш ўртоғи бола сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Улар 2023 йил 17 июль кунида туғилган 2 кунлик чақалоғини 35 млн сўм эвазига пулламоқчи бўлган ва кимёвий ишлов берилган 1400 доллар ҳамда 10 миллион сўм пулларни олдиндан талаб қилган.
12-ўрин – 1,6 минг доллар (15 млн сўм)
2019 йилнинг май ойида фуқаро Ш.Н. ўзининг 6 ёшли фарзандини фуқарога 15 млн. сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
13-ўрин – 750 доллар (8 млн сўм)
2021 йилнинг апрель ойида Бухоро вилояти Пешку тумани Валфажир маҳалласида яшовчи фуқаро аёл ўз онаси билан бирга янги туғилган чақалоғини 8 млн сўмга сотмоқчи бўлган. Улар тиббиёт муассасаси ҳудудида чақалоқни бошқа бир фуқарога келишилган нархда сотаётган вақтида қўлга тушган. Ҳолат юзасидан туман ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан она ва қизга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
14-ўрин – 500 доллар
2019 йилнинг апрель ойида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқхона бўлими ҳамширалари фуқаронинг 5 кунлик ўғил фарзандини туғуруқхона бўлимида бошқа бир фуқарога 500 долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
15-ўрин – 300 доллар
2019 йил январь ойида эр-хотин ўзларининг 3 ойлик ўғил фарзандини бошқа бир шахсга Мирзо Улуғбек тумани, А.Югнакий мавзесида 300 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига кўра, одам савдоси билан шуғулланиш тақиқланган. Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш – уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар ўн саккиз ёшга тўлмаган, яъни болаларга нисбатан содир этилган бўлса, саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Марям Чориева
LiveБарчаси