БМТ Қорабоғдаги арманларга нисбатан зўравонлик қилинганига далил топмади
Олам
−
03 Октябрь 2023
2818Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қорабоғдаги делегацияси арман тинч аҳолисига нисбатан зўравонлик ва минтақадаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилиниши бўйича ҳеч қандай далил топмади. Бу ҳақда БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик маълум қилди.
Унинг айтишича, Озарбайжон ҳукумати таклифига биноан БМТ делегациясининг Қорабоғ минтақасига ташрифи давомида инсонпарварлик эҳтиёжларини аниқлашга ҳаракат қилинган. Жумладан, делегация таркибига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси (UNHCR) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (UNOCHA) вакиллари киритилган.
Делегация Лочин чегара пункти ва Хонкенди шаҳрида текширувлар ўтказган.
“Делегация арман тинч аҳолисига нисбатан зўравонлик исботи топилмаганини ва уларнинг фикрича, минтақадаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилинмаганини маълум қилди”, дейди Дюжаррик.
БМТ вакилининг қўшимча қилишича, шифохоналар, мактаблар, уйлар ва диний-маданий марказларга ҳужум қилинмаган. Озарбайжон ҳукумати узлуксиз тиббий хизматларни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни бошлаган, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳайвонларга зарар етказилмаганини таъкидлаган.
Стефан Дюжаррик делегациянинг арман жамияти вакиллари билан ҳам учрашганини айтган. Минтақада ишончни тиклаш муҳимлигига тўхталган БМТ расмийси бунга эришиш учун томонлар саъй-ҳаракатлари зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди. Шундан сўнг, Арманистон Қорабоғдаги арманларга нисбатан ирқий камситишлар айблови билан Озарбайжонга қарши Гаага халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритди. Озарбайжон томони мазкур ҳолатга изоҳ бериб, даъвонинг асоссиз ва бемаъни эканини билдирди. 29 сентябрь куни Озарбайжон БМТ миссиясини Қорабоғга таклиф қилди ва БМТ делегацияси тан олинмаган ва тугатилган Тоғли Қорабоғга борди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь