Блинкен Украинадаги уруш дунёга қандай таъсир қилаётганини айтди

Олам

image

Украина атрофидаги вазият озиқ-овқат ва энергия билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен таъкидлади.

“Бу бутун дунёда муаммоларни келтириб чиқармоқда”, деган Блинкен “Medi 1” телеканалига берган интервьюсида. 

Блинкеннинг сўзларига кўра, Украина атрофида содир бўлаётган воқеалар, айниқса, буғдой билан боғлиқ вазиятга таъсир қилади. 

“Энергия нархлари яна бир муаммо”, дейди у. 

Давлат котибининг қўшимча қилишича, Европа энергия манбаларини диверсификация қилиши керак. 

“Европа ҳозир Россия гази ва нефтини етказиб беришни диверсификация қилиш керак деган фикрга катта эътибор қаратмоқда”, дейди у ва энергия ташувчилар Россия томонидан “сиёсий восита” сифатида фойдаланилаётганини таъкидлаган. 

Маълумот ўрнида, пандемиядан кейинги ишлаб чиқариш таъминот занжири узилишлари, айрим товарларга талабнинг ўсиши, газ ва нефть нархларининг кескин кўтарилиши натижасида бутун дунёда инфляциянинг тезлашиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойи натижаларига кўра, АҚШда йиллик инфляция 7,9 фоизгача тезлашган, бу 1982 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлган, шунингдек, евроҳудудда ҳам нархларнинг рекорд даражадаги ўсиши кузатилмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг