Блинкен Алиев ва Пашинянга насиҳат қилди
Олам
−
06 Апрель 2022
7255АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча, 5 апрель куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс баёнотига кўра, Америка ташқи сиёсат департаменти раҳбари вазиятни юмшатиш зарурлигини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, Алиев билан суҳбатда Блинкен “ўзини тийишга, вазиятни юмшатишга ва дипломатияни қайта бошлашга чақирган”. Пашинян билан суҳбатда АҚШ Давлат котиби “ҳозир минтақадаги вазиятни янада кучайтириш вақти эмаслигини” айтиб, насиҳат қилган.
Прайснинг аниқлик киритишича, АҚШ Давлат котиби “Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик музокараларини, жумладан, Алиев, Пашинян ва Европа кенгаши президенти Чарлз Мишель ўртасидаги 6 апрелдаги учрашувни қўллаб-қувватлаган.
Блинкен АҚШ икки томонлама асосда, шунингдек, ҳамфикр шериклар билан ҳамкорлик қилиш орқали ёрдам беришга тайёрлигини, жумладан, ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраиси сифатида ҳам ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлаган. АҚШ Давлат котибига кўра, Вашингтон узоқ муддатли ва кенг қамровли тинчлик ўрнатишга ёрдам бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Озарбайжон қўшинлари Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар контингенти жавобгарлик зонасига киргани ҳақида баёнот берди. Якшанба куни кечқурун Россия Мудофаа вазирлиги Баку қўшинларини Қорабоғнинг Фарух (Фаррух) аҳоли пунктидан олиб чиққани ҳақида маълум қилди.
Бироқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги уч томонлама келишув шартларини бузганини рад этди. Шунингдек, Фаррух қишлоғидан қўшинлар чиқарилганини ҳам инкор этди.
Бу орада тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий ҳолат эълон қилинди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси