Озарбайжон ҳарбийларини Фурухдан олиб чиқди – РФ Мудофаа вазирлиги
Олам
−
28 Март 2022
9745Озарбайжон Қорабоғдаги қишлоқдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди. Бу ҳақда РИА Новости Мудофаа вазирлигининг Россия тинчликпарвар кучлари фаолиятига бағишланган бюллетенига таяниб, хабар берган.
“Музокаралар натижаларига кўра, Озарбайжон томони Фурух (Фаррух) аҳоли пункти ҳудудидан ўз бўлинмаларини олиб чиқди”, дейилади ҳарбий идора хабарида.
Тинчликпарвар кучлари учта Озарбайжон колоннасини Лочин йўлаги орқали кузатиб боришди: иккитаси шимол йўналишида ва биттаси жанубда, дея қўшимча қилган Мудофаа вазирлиги.
Бундан ташқари, тинчликпарвар кучлар Озарбайжон томонидан Аскерон вилоятида икки марта ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини қайд этган. Ҳар икки томондан икки киши яраланган.
“Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги можаро иштирокчилари вакиллари билан ҳамкорликда вазиятни барқарорлаштирди”, дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
Аввалроқ, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий ҳолат жорий қилингани ҳақида хабар бергандик. Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳарбийлари тинчликпарвар кучлари жавобгарлигидаги ҳудудларга кирганини эълон қилганди.
Ўз навбатида Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Тоғли Қорабоғда Россия тинчликпарвар контингенти жойлаштирилган ҳудудда қуролли ҳодиса рўй бергани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Мудофаа вазирлигига кўра, кеча, 26 март куни эрталаб ноқонуний арман қуролли кучлари аъзолари Озарбайжон армиясига ҳужум қилишга уринган. Зудлик билан амалга оширилган ҳаракат ноқонуний арман ҳарбийларини аъзоларини тарк этишга мажбур қилган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь